Миллий давлатлар «ўтмишга айланди», Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари Россия билан ягона иттифоқнинг бир қисми бўлиши лозим. Бу ҳақда россиялик файласуф, Россия давлат гуманитар университети ҳузуридаги И. Илин номидаги Олий сиёсий мактаб директори Александр Дугин маълум қилди. У ушбу фикрларни «Инфоцелина» YouTube каналининг 12 январь кунги сонида билдирди.
Дугиндан АҚШнинг Венесуэлага қарши ҳарбий операцияси ҳамда АҚШ президенти Дональд Трампнинг Европа Иттифоқи аъзоси ва Вашингтоннинг НАТО бўйича иттифоқчиси бўлган Даниянинг автоном ҳудуди — Гренландия суверенитетига нисбатан таҳдидларини изоҳлашни сўрашди.
«Урушлар маълум бир пайтда халқаро ҳуқуқ етакчи давлатлар манфаатларига жавоб бермай қолганда келиб чиқади… Трамп бу пайт етиб келди, демоқда. Аслини олганда, бу вазият Совет Иттифоқи парчаланганидан бери муаллақ турган эди… [Трамп] ҳозир дунёни ўзгартирмоқда, уни Америка манфаатларига мослаб қайта бичмоқда. Бу, моҳиятан, учинчи жаҳон урушининг ўзгинасидир ва унинг давомида дунё харитаси қайта чизилади», — деди Дугин.
«Бу вазиятда бизда Россияни империя деб эълон қилиш ва энди ҳеч ким ҳисоблашмаётган халқаро ҳуқуқни четга суриб ташлашдан бошқа ҳеч қандай чора йўқ», — дея қўшимча қилди Дугин.
Унинг сўзларига кўра, Россия Монро доктринасига ўхшаш равишда Евросиё доктринасини эълон қилиши ҳамда Хитой ва Ҳиндистон билан биргаликда «шарқий ярим шар устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатиши» зарур.
«Мақсадимиз — ушбу уч қутбли дунёда энг муҳим куч маркази бўлиш ва шунга айланишдир: суверен, эркин, мустақил ва улкан [марказга]. Биз ўз назоратимизга олмаган ҳеч қайчи ҳудуд бетараф бўлиб қололмайди, улар ёқимтой, сокин „Швейцария“ бўлиб турмайди. Улар бошқа қутбларнинг, биринчи навбатда эса энг зиддиятли қутб — АҚШнинг форпостига айланади. Шу сабабли суверен Арманистон ёки суверен Грузия, ёхуд суверен Озарбайжон, суверен Қозоғистон, суверен Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон мавжуд бўлишига рози бўлиш мумкин эмас. Бу янги моделда ҳеч қандай суверенлик мавжуд бўла олмайди. Улар ё бизнинг лагеримизда — ягона иттифоқимизнинг бир қисми бўлади, ёки Ғарбнинг, ё Европа Иттифоқининг, ё Американинг, ёхуд айрим ҳолатларда Хитойнинг плацдармига айланади», — деб баёнот берди Дугин.
«Бўлди, суверенитет тугади, миллий давлатлар ўтмишга айланди. Бу ортиқ чиқинди. Ҳозирги кунда ядро қуролига эга бўлмаган ва бу соҳадаги энг кучли ўйинчилар ҳужуми қаршисида ўзини ҳимоя қила олмайдиган давлатдаги суверенитет шунчаки ҳеч қандай маънога эга эмас», — деди у.
Бу сўнгги вақтларда Россия жамоатчилик вакиллари томонидан Марказий Осиё давлатлари суверенитети шубҳа остига олинган биринчи баёнот эмас. Ўтган ҳафта россиялик телебошловчи Владимир Соловьёв Арманистон ва Марказий Осиёни Россиянинг таъсир доиралари деб атаб, уларнинг «йўқотилиши» мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солишини айтганди. «Агар миллий хавфсизлик учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошлашимиз зарур бўлса, нима учун биз таъсир доирамизнинг бошқа нуқталарида ҳам МҲО бошлай олмаймиз?» — деган эди у.
Соловьёвнинг сўзларидан сўнг Арманистон ТИВ Россиянинг мамлакатдаги элчисини чақиртирди ва унга норозилик нотасини топширди. «Ушбу сўзлар Арманистон Республикаси суверенитетига нисбатан қабул қилиб бўлмас тажовуз, душманлик кайфиятидаги кўриниш экани ҳамда Арманистон ва Россия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг асосий тамойилларини қўпол равишда бузиши таъкидланди», — дейилади вазирлик баёнотида.
Яқинда Россия ТИВ расмийси Мария Захарова Соловьёвнинг Арманистон ва МОда «махсус операция» бошлаши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдириб, шуларни айтди: «Бу шахсий фикр… савол эди. Жумлалар „диван аналитиклари“ томонидан провокацион тарзда кўрсатилмоқда. Бундай провокациялар ҳали кўп бўлади».
Ўзбекистон давлат идоралари Соловьёв ва Дугиннинг ушбу чиқишларига ҳозирча расман изоҳ бермади.