Навоий вилоятида ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланиб келган шахслар гуруҳи қўлга олинди, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати. Ҳолат мамлакат бўйлаб ички ишлар органлари ходимлари томонидан ноқонуний фаолият юритиб келаётган жиноий гуруҳларни фош этишга қаратилган тезкор тадбирлар давомида аниқланган.

Қайд этилишича, гуруҳ 2025 йилнинг ёз ойларида Навбаҳор тумани «Қалқонота» МФЙ ҳудудида жойлашган Сармишсой тоғ тизмасидаги ер майдонларида ноқонуний олтин қазиш ишларини бошлаган. Улар бир неча ой мобайнида фаолиятини давом эттириб, сунъий ҳовуз ва ағдарма майдонларни ташкил қилган. Таркибида олтин бўлган тоғ жинсларини тўплаш билан шуғулланган.

2025 йилнинг октябрь ойида ИИВ ва ДХХ томонидан тезкор тадбир олиб борилиб, олтин қазувчиларнинг қилмишлари фош этилган. Жиноят аломатларини акс эттирган қум уюмлари, ҳовуз, ағдарма ва турли буюмлар қонуний тартибда расмийлаштириб олинган.

Маълум бўлишича, мазкур гуруҳ фаолияти давомида таркибида 9,9 кг миқдоридаги умумий нархи 15,5 млрд сўмлик олтин моддаси мавжуд бўлган тоғ жинсларини ўзлаштиришга эришган.

Ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 196−2 моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Уюшган жиноий гуруҳнинг бошқа турдаги жиноятларга алоқадорлиги, аъзолари ҳамда уларнинг таркибидаги вазифаларни аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ишлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Октябрь ойида ДХХ ва ИИБ Бухоро вилоятидаги «Олтин кон»га тегишли участкада бегона шахсларнинг олтин қазиб олаётганини аниқлаган эди. Тезкор тадбирда 37 киши ушланиб, 20 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум бўлганди.