Навоий вилояти Томди туманида йўловчи автобус ағдарилиб кетди, дея хабар бермоқда вилоят ЙҲХБ.

Воқеа 17 январь куни соат 07:00 атрофида туманнинг «Томдибулоқ» ОФЙ ҳудудидан ўтган А-379 Навоий-Учқудуқ халқаро автомобиль йўлининг 189−190 километрлари оралиғида содир бўлган.

Zhong Tong автобуси ҳайдовчиси Навоий-Зарафшон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келиб бошқарувни йўқотган. Оқибатда транспорт қарама-қарши томонга ағдарилиб кетган.

Ҳодиса туфайли икки нафар жабрланган фуқаро Зарафшон шаҳар тиббиёт бўлимига етказилган. Автобусда жами неча киши бўлгани ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

14 кун олдин деярли шу манзилда 47 нафар йўловчиси бўлган автобус ағдарилиб кетиши оқибатида икки киши воқеа жойида ҳалок бўлган, 9 киши шифохонага ётқизилган.