Ўзбекистон Германия Тараққиёт банкидан (KfW) микро, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун жами 26,5 млн евро миқдорида кредит ва грант олади. Бу Вазирлар маҳкамасининг 2025 йил 29 декабрдаги қарорида кўзда тутилган.

Лойиҳа 2031 йилгача мўлжалланган. Умумий молиялаштиришнинг 23,5 млн евросини кредит ташкил қилади, яна 3 млн евро — лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ консультацион хизматлар учун грант.

Кредит ҳар бири 11,75 млн евродан икки траншда тақдим этилади. Кредит линияси 10 йиллик имтиёзли давр ва йиллик 2% фоиз ставкасига эга.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги лойиҳанинг масъул ижрочиси этиб белгиланди.

Spot маълумотларига кўра, дастурнинг олдинги икки босқичида KfW Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнесга 26,8 млн евро ажратган. Янги молиялаштириш пакети бўйича келишув 2025 йил апрель ойида имзоланган.