Ўзбекистон ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари босқичма-босқич аҳолига «тезкорлик ва шаффофлик тамойиллари асосида аҳолига янада қулай ва сифатли хизмат» кўрсатувчи «сервис бўлинмалар»га айлантирилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 19 январдаги ИИОнинг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш қарорида қайд этилган.
Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва шахсийлаштириш департаментига (собиқ Миграция ва фуқаролик бериш бош бошқармаси) 1 майдан бошлаб Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман ё шаҳарда ички ишлар органлари миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида «ақлли» миграция шохобчаларини (Smart migration station) ташкил этиш бўйича синов лойиҳасини амалга ошириш топширилди. Шохобча сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайди ва ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имкониятларини таклиф этади.
Тажриба натижаларига кўра, келгуси йилда «ақлли» миграция шохобчаларини республиканинг бошқа ҳудудларида, шунингдек, савдо ва кўнгилочар марказлар, туристик ҳудудларда ҳам ташкил этиш режалаштирилган.
Қарорда 1 февралдан бошлаб фуқаролар илк ID картани олиш учун ариза топширганда, электрон рақамли имзо сертификати карта чипига бепул киритилиши белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, фуқаролар «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимида автоматик равишда бепул рўйхатдан ўтказилади.
1 майдан бошлаб ИИВ департаменти электрон виза асосида Ўзбекистонга кирган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун электрон визаларнинг амал қилиш муддатини 30 кунгача узайтириш ҳуқуқига эга.
Миграция бўлинмалари, шунингдек, хорижий фуқароларнинг визалари ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш муддатларини улар ўқиётган муассасаларда ёки улар ишлайдиган корхона ва ташкилотларда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан шартнома асосида узайтириши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, чет эл фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномани расмийлаштириш ваколатини департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига ҳам берилади.
1 сентябрдан бошлаб талабалар ётоқхонасига жойлашиш бўйича шартнома тузиш билан бир вақтда талабаларни турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади.
1 августга қадар сунъий интеллект технологиялари асосида «Passport-visa» мобил иловасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. У миграция ва персоналлаштириш соҳасига оид электрон давлат хизматларини кўрсатиш, онлайн ҳуқуқий маслаҳат бериш, юкламаси кам бўлган миграция бўлинмалари ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, худди шу даврга миграция ва персоналлаштириш соҳасида бошқа шахснинг розилиги талаб этиладиган давлат хизматларини кўрсатишда уларнинг шахсини «Face-ID» модули орқали масофадан туриб аниқлаш ва розилигини олиш имконини берувчи «E-Rozilik» платформасини ишга тушириш режалаштирилган.
Сентябрь ойидан бошлаб қуйидаги хизматлар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (My.Gov.uz) ва давлат хизматлари марказларида мавжуд бўлади:
- хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилиш;
- фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ариза юбориш;
- мулкдор ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаросининг мурожаати асосида унинг турган жойи бўйича рўйхатга олинганлигини бекор қилиш учун ариза юбориш.
