Президент маслаҳатчиси — спичрайтери Хайриддин Мадриддинович Султоновга «Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси» унвони берилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Мазкур мукофот унга давлат идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, миллий адабиёт ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси, ўзбек адабиёти хазинасини тарихий ва замонавий мавзудаги асарлар билан бойитиш каби хизматлари ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан берилди.
Хайриддин Султонов 1956 йил 19 январда Тошкент вилояти Қибрай туманида туғилган, ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган.
Унинг «Қуёш барчага баробар» (1980), «Бир оқшом эртаги» (1983), «Онамнинг юрти» (1987), «Умр эса ўтмоқда» (1988), «Бобурнинг тушлари» (1992), «Бобурийнома» (1997), «Саодат соҳили» (2005) каби насрий китоблари нашр этилган, «Чангак», «Мозийдан бир саҳифа», «Меҳробдан чаён» каби видеофилмлар ҳамда «Тушларимда кўриб йиғлайман», «Ёзнинг ёлғиз ёдгори» сценарийлари асосида бадиий филмлар суратга олинган. «Сарҳовузнинг бўйларида» (1992) номли драмаси ҳам бор.
Султонов 1996 йилда «Шуҳрат» медали ва 2003 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.