Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (метан заправкалар)нинг фаолияти яна чекланди. Энергетика вазирлиги душанба куни кечқурун буни тасдиқлади.

Шу куни Тошкентда метан заправкалар ёпилган бўлса-да, пропан шохобчалари (суюлтирилган газ) иш фаолиятини давом эттирди.

Энергетика вазирлиги баёнотига кўра, ҳаво ҳарорати пасайиши билан табиий газга бўлган талаб ортган, бу эса айрим ҳудудлардаги газ қувурларида босим пасайишига олиб келган.

Вазирлик аҳоли, тиббиёт ва таълим муассасалари, шунингдек, жамоат транспортини газ билан таъминлаш устувор вазифа эканини таъкидлади.

«Бу чоралар фақат совуқ кунларда аҳоли учун барқарор таъминотни таъминлашга қаратилган бўлиб, вазият барқарорлашиши билан чекловлар бекор қилинади», — дея билдирди вазирлик.

Бу гал метан заправкалар иш вақти аниқ кўрсатилмаган — улар ҳар бир ҳудуддаги вазиятга қараб белгиланади.