• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Тожикистонда ўзбек экспорти учун тўсиқлар сабаб жавоб чораларини қўллаши мумкин


Ўзбекистон маҳаллий экспортчилар дуч келаётган савдо чекловларига нисбатан жавоб чораларини жорий этиши мумкин. Бу ҳақда 17 январь куни тадбиркорларнинг элчилар ва ҳукумат аъзолари билан учрашувида бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Тожикистонга қурилиш материаллари етказиб бериш билан боғлиқ вазиятни изоҳлаётиб, маълум қилди.

Knauf компаниясининг тижорат директори Тожикистон, Туркманистон ва Кавказ мамлакатлари бозорларига маҳсулот экспорт қилишдаги тўсиқлар ҳақида сўз юритди.

«Бизда Тожикистон билан боғлиқ муаммолар бор. Биз ушбу бозорга маҳсулот экспорт қиламиз. Барча ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганига қарамасдан, маҳсулотимиз у ерда „захира“ усулида „растаможка“ қилинади. Бу эса ушбу бозорда маҳсулотимиз нархининг 15 фоизга ошишига олиб келади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Туркманистон бозори билан ишлашда ҳам қийинчиликлар мавжуд.

«Кейинги масала — Туркманистон бозори. Биз у ерга ҳам катта миқдорда экспортни амалга оширамиз. Айни пайтда янги инновацион маҳсулотларни бозорга олиб чиқиш ва уларнинг тақдимотларини ўтказишда ходимларимиз учун визалар олишда ҳамиша қийналиб келганмиз. Бу масалага ҳам ечим топилса, яхши бўлар эди».

Knauf вакили учинчи муаммо сифатида Кавказ бозорига чиқишда логистика харажатларининг юқорилигини кўрсатди.

«Учинчи долзарб муаммо — Кавказ бозорига чиқиш. Логистика коридорларининг қиймати жуда юқори. Қиммат транспорт харажатлари сабабли биз ушбу бозорга чиқа олмаяпмиз».

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқаруви раиси в.в.б. Илёс Раҳимов ўтган йили Ўзбекистон қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини 70 та мамлакатга экспорт қилганини маълум қилди. Унинг айтишича, тадбиркорлар божларни камайтириш, шунингдек, Марокаш, Тунис, Миср, Жазоир, Саудия Арабистони, Қатар ва Мўғулистон каби мамлакатлар билан сертификатларни ўзаро тан олиш масаласида кўмак сўрамоқда.

«Гап шундаки, логистика нуқтаи назаридан бу мамлакатларга масофа 4000 кмдан ошади ва агар божлар масаласини ҳал қилишга эришилса, биз ушбу бозорларда бемалол рақобатлаша оламиз. Тадбиркорларимизда бунга етарли салоҳият мавжуд — асосан гап алюминий профиллар ва композит панеллар сегментидаги маҳсулотлар ҳақида бормоқда», — деди у.

Ҳукуматнинг муносабати

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев масъул идораларга кўтарилган масалаларни ишлаб чиқишни топширди.

«Логистика ва ташиш масалалари бўйича — транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаровга. Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов — преференциал савдо бўйича. Бу ерда иштирок этаётган элчилар экспорт бўйича KPI бажарилиши учун талаб қўйиши керак. Агар у томондан шарт-шароитлар яратилган бўлса, жараёнларни у ерда ҳам жадаллаштиришингиз керак», — деди у.

Бош вазир ўринбосари Транспорт вазирлиги вакилига мурожаат қилиб, алоҳида равишда Кавказ йўналишига тўхталиб ўтди:

«Маманбий, тадбиркор айтганидек, у Кавказга логистика масаласини кўтарди. Биринчидан, барқарорликни қандай таъминлашни, иккинчидан эса нархни қандай пасайтиришни режалаштиряпсиз?»

Бунга Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси қисқа жавоб берди: «Мен буларни ўзим учун ёзиб олдим, албатта».

Эҳтимолий жавоб чоралари

Жамшид Ходжаев Тожикистонга нисбатан жавоб чоралари қўлланилишини истисно этмади.

«Агар улар шундай қилаётган бўлса, биз ҳам чора кўришимиз мумкин. Улар 15 фоиз қўшишдими? Аниқ қанча?» — деб сўради у.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқаруви раиси в.в.б. Илёс Раҳимов янги чекловлар параметрларига ойдинлик киритди.

«Улар базавий қийматни 300 доллар этиб белгилашган. Бундан ташқари, 2025 йил 1 декабрдан Тожикистон керамик плита маҳсулотимиз учун ҳар тоннасига 450 доллар миқдорида қўшимча тўлов жорий қилди. Агар аввал логистика ва божларни қўшган ҳолда қиймат тахминан 2000 доллар бўлган бўлса, бугун у 12 минг долларгача ошди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бизнес аллақачон Тожикистон ҳукуматига тўғридан-тўғри мурожаат қилган.

«Тадбиркорларимиз тўғридан-тўғри Тожикистон ҳукуматига, уларнинг администрациясига мурожаат қилмоқда. Бизда ёзишмалар бор, уларни тақдим этамиз. Улар ҳам Тожикистоннинг тегишли идораси олиб бораётган сиёсатга қарши чиққан ва ушбу чораларни бекор қилишни сўраган. Бироқ икки ой ўтиб кетган бўлса-да, қарор ҳалигача бекор қилинмади. Шунинг учун бизга айнан Тожикистон бўйича амалий ёрдам керак», — деди у.

Бунга жавобан бош вазир ўринбосари дипломатик каналларни ишга солишни топширди:

«Божхона, сизлар бу масалани ўз ҳамкасбларингиз билан муҳокама қилинг. Агар бу давом этса, биз ҳам жавоб чоралари қўллаймиз. Сиз, [Тожикистондаги] элчимиз [Эргаш Шоисматов], уларга сигнални етказиб қўйинг. Улар ҳам бизга қурилиш материалларини фаол сотишяпти-ку?»

Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси Равшанбек Алимов Knauf билан боғлиқ вазиятга изоҳ бериб, қуйидагиларни айтди:

«Knauf жуда фаол, биз улар билан доимий алоқадамиз, ёрдам берамиз. Улар Ашхобод ва Туркманободда шоурумларга эга».

Шу билан бирга, Жамшид Ходжаев виза масаласи бизнес учун ҳали ҳам тўсиқ эканини таъкидлади: «Лекин барибир виза — биз учун барьер».

Статистикага кўра, 2025 йилнинг 11 ойи якунларига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айланмаси 737,9 млн долларга етган (+17,7%), Туркманистон билан эса — 1,06 млрд доллар (+3,2%).



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *