• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Хитойда туғилиш кўрсаткичи 1949 йилдан бери энг паст даражага тушди – Gazeta


ХХР Давлат статистика бошқармаси эълон қилган маълумотларга кўра, 2025 йил якунлари бўйича Хитой аҳолиси 3,39 миллион кишига камайиб, 1,404 миллиард кишини ташкил қилди. Статистика фақат материк Хитойни қамраб олган бўлиб, Гонконг, Макао ва Тайванни ўз ичига олмайди.

2025 йилда Хитойда 7,92 миллион киши туғилган, 11,31 миллион киши вафот этган. Туғилиш кўрсаткичи ҳар минг кишига 5,63 ни, ўлим кўрсаткичи эса 8,04 ни ташкил қилган.

Бу 2024 йилдаги 9,54 миллионга нисбатан 17 фоизга камдир ва 1949 йилда қайдлар юритила бошланганидан бери энг паст кўрсаткичдир, деб ёзади The Guardian. ХХР аҳолиси кетма-кет тўртинчи йил қисқармоқда.

Туғилиш бўйича бундан аввалги тарихий минимум — ҳар 1000 кишига 6,39 кўрсаткичи — 2023 йилда қайд этилган эди. 2024 йилда туғилиш бироз ўсганди, бироқ янги маълумотлар бу ҳолат тенденциянинг ўзгариши эмас, балки истисно бўлганини кўрсатмоқда. Зеро, бу кўрсаткичнинг барқарор пасайиши 2016 йилдан бери давом этмоқда.

CNN эътибор қаратган 2025 йилги статистик маълумотлар шундан далолат берадики, Хитой ҳукуматининг ўн йилликлар давомида амал қилган «бир оила — бир бола» сиёсатидан кейин туғилишни рағбатлантиришга уринишлари ҳозирча натижа бермаяпти.

Хитойнинг 1980−2015 йиллардаги бир болалилик сиёсати ва жадал урбанизация туфайли туғилиш даражаси ўнлаб йиллар давомида пасайиб борган. Яқин ўнйилликда тахминан 300 миллион хитойлик — АҚШ аҳолисининг деярли барчасига тенг — нафақага чиқиши кутилмоқда.

Хитой ҳукумати мамлакатдаги ишчи кучининг қисқариши ва нафақахўрлар сонининг ўсиши иқтисодиётга таҳдид солаётгани сабабли туғилишни оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бундан ташқари, экспертларнинг таъкидлашича, туғилиш пасайиши фонида болалар учун харажатларнинг қисқариши ички истеъмолга салбий таъсир кўрсатади.

Шу билан бирга, умуман олганда, Хитой иқтисодиёти 2025 йилда турли салбий омиллар, жумладан, АҚШ билан «тарифлар уруши»га қарамай, барқарорликни намойиш этди. Хитой ЯИМ 5 фоизга ўсди.

Хитой кўп йиллар давомида аҳоли сони бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб келганди. 2023 йилда Ҳиндистон уни қувиб ўтган. Хитой ҳукумати «бир оила — бир бола» сиёсатидан 2010 йилларнинг ўрталарида воз кечганди.

Хитой ҳукумати томонидан туғилишни рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чоралар орасида контрацепция воситалари учун солиқ имтиёзларини бекор қилиш ҳам бор.

  • 2025 йил февраль ойида мамлакатда туғилиш имкониятларини ошириш ва «репродуктив салоҳиятни рўёбга чиқариш» мақсадида никоҳ учун қонуний ёшни 18 ёшгача пасайтириш таклиф этилганди. Ўшанда бу ёш эркаклар учун 22, аёллар учун эса 20 бўлиб, дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири эди.
  • Шунингдек, ҳукумат 2025 йил ёзида уч ёшгача бўлган ҳар бир бола учун йилига 3,6 минг юань (503 доллар) тўлаш режаларини эълон қилган. Бу ҳаракат оилаларни қўллаб-қувватлаш ва туғилишни рағбатлантиришга қаратилган. Тўловларни 20 миллиондан ортиқ оила олиши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *