«Ўзбекнефтгаз» давлат нефть-газ компанияси кунлик биржа савдоларига чиқариладиган автобензин ҳажмини оширади. Бу ҳақда компания матбуот котиби Мўмин Ибодов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур чора ҳаво ҳароратининг пасайиши сабабли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГНКШ) фаолиятига киритилган чекловлар фонида қабул қилинган.
Биржага чиқариладиган кунлик бензин ҳажми илгари ўртача 3700 тоннани ташкил этган бўлса, талаб ва таклифдан келиб чиқиб, 5000 тоннагача етказилиши мумкин.
Энергетика вазирлиги барча ҳудудларда ёқилғи таъминотининг барқарорлигини таъминлаш учун зарур захиралар олдиндан тўпланганини маълум қилди. Бензинга бўлган талабни тўлиқ қондириш масаласи давлат назоратида ва барча зарур чоралар кўрилди, дейилади баёнотда.
«Шу ўринда хусусий автозаправкалар эгаларидан нархларни сунъий равишда оширмасликларини, автобензинни сифат ва миқдор жиҳатидан тўғри сотишларини сўраймиз. Назорат тадбирлари кучайтирилиб, нархларнинг асоссиз равишда ошириб юборилишига йўл қўйилмайди», — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан биржа савдоларига қўйилган автобензин ҳажмлари бўйича маълумотлар эълон қилинди. Хусусан, 19 январь куни биржага 3920 тонна автобензин жойлаштирилди, шундан 190 тоннаси Аи-91 ва 3730 тоннаси Аи-92 маркасидир.
Савдолар якунига кўра, харидорлар томонидан 3426 тонна ёқилғи сотиб олинди, шундан 3236 тоннаси Аи-92 бензини ҳиссасига тўғри келди. Компания биржа савдоларига чиқариладиган бензин ҳажми талаб ва таклифдан келиб чиқиб қўшимча равишда оширилиши мумкинлигини таъкидлади.
Октябрь ойи охирида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистоннинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳақида гапирган эди. Унинг сўзларига кўра, тизим кечаю кундуз ишлаш режимига ўтказилган, тармоқлар модернизация қилинган, газ етказиб бериш рақамлаштирилмоқда, ёқилғи захираси яратилган, кам таъминланган оилаларга эса бир марталик ёрдам пули ажратилади.
Ўшанда Энергетика вазирлиги раҳбари 995 минг тонна автобензин етказиб бериш режалаштирилганини билдирган. Бундан ташқари, талаб кескин ошган тақдирда фойдаланиш учун 65 минг тонна қўшимча бензин захираси яратилган.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда нефт маҳсулотлари импорти 1,59 млрд долларга етди (2024 йилга нисбатан 6,7% га ўсиш), шундан дизель ёқилғиси 563,6 млн долларни (70,7% га ўсиш) ва бензин 492,6 млн долларни (9,5% га ўсиш) ташкил этди.
Дизель ёқилғиси импорти жисмоний ҳажмда 85,2% га, 441 000 тоннадан 761 300 тоннагача ошди, бензин импорти эса 775,9 млн литрдан 818,3 млн литргача ошди (5,6% га ўсди).
