• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Россия ўз ҳаққини ҳимоялаш учун қилаётган ишлари қўшниларига зарар бераётганини кўриб турибмиз» — Алишер Қодиров


Ўзбекистон учун Россия билан сиёсий ўйинлар ўйнаш эмас, балки у ердан иқтисодий даромад ва бошқа манфаатлар кўриш устувор ҳисобланади. Бу ҳақда 16 январь куни «Миллий тикланиш» партияси ўтказган матбуот анжуманида партия раиси Алишер Қодиров гапириб ўтди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«Парламентда ўз аксини топиши керак деб ҳисобламайман»

Журналистлар Қодировдан нима учун бир партия раҳбари сифатида Россия томонидан янграётган хавфларни парламентда айтмаслиги ва унинг баёнотлари асосан ўзининг Telegram каналида қолиб кетиши бўйича изоҳ сўради.

«Меҳнат муҳожирларимизга нисбатан бўлаётган муносабатнинг нотўғри экани, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши, албатта, эътирозимизга сабаб бўлади ва шу сабабли муносабатлар билдирамиз. Аммо буни парламентда қонун ижодкорлиги йўналиши бўйича ўз аксини топиши керак бўлган нарса деб ҳисобламайман», — деди у саволга жавобан.

«Чунки ўтган йили меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияга қўшилаётган пайтимизда „Бу ҳужжат Россиядаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қила оладими ёки йўқми?“ деган саволни ўртага ташлаганмиз. Бу жуда кўп ўзгаришларга сабаб бўлган. Ўша конвенцияга аъзо бўлганимиздан сўнг халқаро ҳуқуқ нормаларига асосан, Россияда қонуний ишлаётган ҳар қандай Ўзбекистон фуқароси, албатта, ҳимоя қилинади», — дея қўшимча қилди Қодиров.

«Биз ҳеч қачон рус тили ёки русларга қаршимиз, деган ғояни илгари сурмаймиз»

У нафақат Россия, балки дунёнинг ҳар қайси давлатидаги Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқлари бузилса, албатта, муносабат билдириши, халқаро инсон ҳуқуқлари масалалари ҳар доим устувор эканини қайд этди.

«„Миллий тикланиш“ партияси Россиянинг муаммолардан холи ривожланиш учун яхши бир ҳамкор бўлишини истайди. Биз ҳеч қачон рус тили ёки русларга қаршимиз, деган ғояларни илгари сурмаймиз. Айрим гапларимиз нотўғри талқин қилинади, холос. Фарзандларимиз қанча кўп тил билса, шунча яхши. Мисол учун, тарихда рус халқи биз учун доим қўшни бир давлат бўлган, ютуқларимиз ҳам, камчиликларимиз ҳам бир бўлган, бирга яшалган. Биз ҳар доим Совет Иттифоқи деган қамоқхона фақат ўзбеклар учун эмас, балки руслар учун ҳам бўлган, бу давлат русларга ҳам жуда кўп зарар бергани ҳақида гапирганмиз», — дейди Алишер Қодиров.

«Биз хоҳлаймизми-йўқми, бизга ёқадими-ёқмайдими, Россия постсовет ҳудудидаги қудратли мамлакатлардан биридир. Бугун Ўзбекистон учун Россия билан сиёсий ўйинлар ўйнаш эмас, балки у ердан иқтисодий даромад ва бошқа манфаатлар кўриш устувор ҳисобланади. Ривожланаётган мамлакат сифатида меҳнат муҳожирларимиз даромад кўрадиган бозорларга эҳтиёжимиз бор. Ўзбекистоннинг нафақат Россия Федерацияси, балки минтақадаги давлатлар билан бугунги муносабатлари ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда баҳоланиши керак деб ўйлайман», — деди партия раиси.

«Биз Россия, рус тили ёки русларга нисбатан ҳеч қанақа эътироз оҳангида гапирмаганмиз. Ўзбекистон фуқаролари ва ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий манфаатлари нуқтаи назаридан партия ўзининг аниқ баёнотларини беради. Балки кескинроқ бўлар, лекин ўзимизнинг фикрларимизни доимо билдириб келамиз», — дейди у.

«Аслида бу уруш бўлмаслиги керак эди»

Қодировга кўра, Россия бугунги кунда қўшнилари учун хавф яратиш чегарасига келиб қолган бир давлатдир.

«Россия Федерацияси бугун ўзининг ҳаққини ҳимоя қилиш учун амалга ошираётган ишлари қўшниларига зарар беришни бошлаганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Масалан, Россия-Украина уруши бунга яққол мисол. Аслида бу уруш бўлмаслиги керак эди. Бу икки қўшни ва қардош давлат бугун нимани талашяпти десангиз, иккисининг ҳам ўз қарашлари бор. Лекин бу уруш Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларига зарар келтиряпти», — дейди у.

«Айрим шовинистларнинг фикрларига Россия Ташқи ишлар вазирлиги „Бу давлатнинг қараши эмас“, дея муносабат билдирди. Биз бунга, албатта, ишонамиз. Лекин Россиянинг ичидаги бундай шовинистларнинг Марказий Осиёни босиб олишимиз керак, дея баралла айтган гапларини биз хавф сифатида таҳлил қилишимиз керак. Умуман олганда, биз ҳар доим ўзаро муносабатларда иқтисодий манфаатлар, халқаро ҳуқуқ муносабатларининг тенг бўлиши ва давлатларнинг бир-бирини ҳурмат қилиши тарафдоримиз», — дейди Алишер Қодиров.

Аввалроқ «Миллий тикланиш» партияси Ўзбекистон ҳақида номақбул гапирган хорижликлар рўйхатини тузиб, буни ТИВ билан муҳокама қилмоқчи эканлиги ҳақида хабар берилганди. Алишер Қодиров ўзида Россияда шовинистик сиёсатни юритаётган ўнга яқин шахс рўйхати борлигини қайд этаркан, уларга тақиқ қўйилишини қўллаб-қувватлашини айтган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *