Ўзбекистон биринчи марта Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ҳомийлигида ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган FIFA Series халқаро футбол турнирининг мезбони бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси маълум қилди.

FIFA Series-2026 ушбу мусобақасининг иккинчи мавсуми бўлиб, унда турли қитъа конфедерацияларига мансуб миллий жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашувлар ўтказилади. Бу йилги турнирда ҳар бири тўртта жамоадан иборат тўққизта алоҳида турнир ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, улар ФИФАнинг баҳорги мавсумида саккизта мезбон мамлакатда бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Габон, Тринидад ва Тобаго ҳамда Венесуэла миллий терма жамоаларини қабул қилади. Турнир март ва апрель ойларига режалаштирилган. Шунингдек, аёллар терма жамоалари ўртасида ҳам дўстона учрашувлар ўтказилади.

ФИФА маълумотларига кўра, бу йил 6 та конфедерациядан 48 та миллий жамоа иштирок этади, улар федерацияга аъзо 211 та ассоциациядан жаҳон футбол ҳамжамиятининг қарийб чорак қисмини ифодалайди. Улар федерацияга аъзо 211 та ассоциациянинг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил этади. Жамоалар 12 та гуруҳда — 9 та эркаклар ва 3 та аёллар гуруҳи бўйича 4 тадан бўлиб ўйнайди.

FIFA Series турнири шунингдек Австралия, Озарбайжон, Индонезия, Қозоғистон, Маврикий, Пуэрто Рико ва Руандада ҳам ўтказилади. Қозоғистон Комор, Қувайт ва Намибия терма жамоаларини қабул қилади. Аёллар терма жамоалари ўртасидаги ўйинлар Бразилия, Кот д’Ивуар ва Таиландда бўлиб ўтади.

FIFA Series’нинг синов босқичи 2024 йил март ойида ўтказилганди.