Қонунчилик палатасининг 20 январдаги мажлисда рақамли маркировкалаш тизими самарадорлиги оширилиши муносабати билан Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда палата Telegram каналида хабар берилди.
Қонун лойиҳаси билан «масофавий солиқ текшируви» тушунчасига аниқлик киритилиб, мазкур текширувни ўтказиш тартибини соддалаштириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда бюджет даромадлари барқарорлигини мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Бундан ташқари, маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича масофавий солиқ текширувини солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан, ҳуқуқбузарлик юзасидан икки марта огоҳлантириш берилганидан сўнг ўтказиш, шунингдек мазкур ҳолат бўйича қарор қабул қилиш жараёнларини тезкор ташкил этиш қонуний асосда белгиланмоқда.
Шу билан бирга, хуфиёна айланма ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, айрим шахслар томонидан маркировкалаш қоидаларини четлаб ўтиш орқали ноқонуний даромад олиш мақсадида аҳолига сифатсиз ёки қалбаки маҳсулотларни, жумладан спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, салқин ичимликлар ва бошқа товарларни реализация қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси айнан шундай ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда инсофли солиқ тўловчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи омилларни бартараф этишга қаратилган.
Маркировкалаш
Товарларни рақамли маркировкалаш жорий этилиши 2018 йилнинг декабрь ойида эълон қилинганди. 2019 йилда тизим оператори Алишер Усмоновнинг USM холдинги ва «Ростех»га тегишли CRPT Turon (илгари унга Россияда ҳам худди шундай функция ишониб топширилган) бўлиши маълум қилинган. Ҳозирда унинг таъсисчиси Digital Holding (100%) ҳисобланиб, бу корхона Давлат активларини бошқариш агентлиги (49%), Digital Invest (46,1%) ва Вадим Кимга (4,9%) тегишли.
Маркировкалаш тамаки ва алкоголли маҳсулотлар, шунингдек, пиво билан бошланди. Кейинчалик мажбурий маркаланиши керак бўлган товарлар рўйхати кенгайтирила бошланди.
2021 йилнинг ёзида сув ва ичимликлар ишлаб чиқарувчилари маркировкалаш бўйича пилот лойиҳа иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслигини айтиб, уни тўхтатишга чақиришганди. Маркировкалаш билан шуғулланаётган CRPT Turon компанияси эса уларнинг хавотирларини «миф» деб атаган.
UzBev, шунингдек, техник ечимлар мавжуд эмаслиги сабабли маркировкаланган товарларни агрегатлаштиришни жорий этишни кечиктиришни сўраган эди. Май ойида президент сув ва ичимликлар учун агрегатлаштиришни жорий этишни 2026 йил апрель ойига кўчирди.
2022 йил 15 апрелдан маиший техника воситаларини мажбурий маркировкалаш бошланди. Битта коднинг нархи 68 сўм (ҚҚСсиз) туради, деб хабар берган Spot.
Ҳозирда маркировкалаш дори-дармонлар ва маиший техника учун ҳам мажбурийдир.
Шунингдек, Ўзбекистонда минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими жорий этилмоқда. Тизим 2025 йил 1 майдан 31 октябргача тажриба асосида йўлга қўйилади. 2026 йил 1 майдан бошлаб эса ушбу маҳсулотларни рақамли маркировкалаш мажбурий бўлади.
2025 йил октябридан рақамли маркировка қоидаларига риоя этиш бизнес барқарорлиги рейтингида рағбатлантирувчи мезонга айланди. Барча савдо нуқталарини штрих-код ва рақамли маркировкани ўқиш учун сканерлар билан жиҳозлаган тадбиркорларга қўшимча 5 балл берилади.
