2025 йил давомида Ўзбекистон аэропортлари 128 972 та авиарейсга хизмат кўрсатди, бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан 14 фоизга кўп, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports.

Ушбу рейсларнинг 92 480 таси халқаро йўналишларда, 36 492 таси эса ички йўналишларда амалга оширилган.

Йил давомида хизмат кўрсатилган йўловчиларнинг умумий сони 15 504 264 кишини ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан 15 фоизга ошди. Йўловчиларнинг 12 707 101 нафари халқаро рейслардан, 2 797 163 нафари эса ички рейслардан фойдаланган.

Юк ташиш сегментида ҳам ижобий динамика сақланиб қолмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон аэропортлари орқали 98 137 тонна юк ва почта ўтган бўлиб, бу аввалги йилга нисбатан 12 фоизга кўпдир.

Ўтган йили Ўзбекистон аэропортларига тўртта янги йўловчи авиакомпания: Хитойнинг Air China ва China Eastern, Кореянинг T’Way ҳамда Малайзиянинг AirAsia компаниялари жалб қилинди.

«2025 йил якунлари Ўзбекистон авиация соҳасининг изчил ривожланаётганини, халқаро қатновлар фаоллиги ошиб бораётганини ҳамда ички авиақатновлар босқичма-босқич кенгаяётганини кўрсатди», — дея қайд этди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.