20 январь куни Шавкат Мирзиёев 2025 йилдаги спорт тадбирлари натижалари ва 2026 йилга мўлжалланган вазифаларни кўриб чиқди. Президент матбуот хизмати тадбир мавзулари ҳақида маълумот берди.
Йиғилишда тақдим этилган маълумотларга кўра, аҳолининг оммавий спорт билан қамрови 15 миллион нафарга етди, спорт билан доимий шуғулланувчиларнинг сони сўнгги йилларда қарийб 1,5 баробарга ошди.
2025 йилда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Жаҳон универсиадасида 13-ўринни, Баҳрайндаги Ёшлар ўйинлари ва Саудия Арабистонидаги Ислом бирдамлиги мусобақасида 2-ўрин, БААдаги Ёшлар Параосиё ўйинларида 1-ўринни эгаллади.
Футбол бўйича миллий терма жамоа илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди, жорий йил шахматчи Жавоҳир Синдаров эса жаҳон тожи учун Номзодлар турнирида иштирок этади.
Президент эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмаслик кераклигини таъкидлади. У айрим спорт турлари бўйича натижалар ҳали мавжуд инфратузилма ва салоҳиятга тўлиқ мос келмаётганини кўрсатиб ўтди ва оммавий спорт билан шуғулланувчиларнинг сонини яқин истиқболда 17 миллион нафарга етказиш вазифасини қўйди.
Халқаро спорт ўйинлари ва Олимпиадалар учун спортчилар захирасини яратиш мақсадида Президент Олимпиадаси доирасида саралаш тизимини жорий этиш давом этмоқда. Шавкат Мирзиёев мусобақаларни йилига 2 марта ўтказиш ва ҳудудларда 13−14 ёш тоифасида ташкил этиш, спорт турларининг сонини босқичма-босқич 20 тага етказишни топширди.
Йиғилишда 17 та Олимпия спорт федерацияси ва бошқа спорт ташкилотлари аллақачон Олимпия шаҳарчасига кўчиб ўтгани таъкидланди. Президент ушбу мажмуалар ягона спорт кластерига айланиши кераклигини айтди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, юқори спорт натижаларига эришиш нафақат инфратузилма ва мусобақалар, балки спорт фанининг барча йўналишларини тизимли ривожлантириш билан бевосита боғлиқлигини қайд этди. У спорт фармакологияси, диетология, функционал ва жисмоний тайёргарлик, реабилитация ҳамда юкламаларни индивидуал режалаштириш бўйича замонавий ёндашувларни амалиётга кенг жорий этишни буюрди.
Президент хусусий сектор ва инвесторларни спортни ривожлантиришга кенгроқ жалб қилиш зарурлигини таъкидлади ва спорт инфратузилмаси, ўқув марказлари ва спорт хизматлари соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев спорт мактаблари маҳалла даражасида фаолият юритиши кераклигини алоҳида қайд этди. Президент иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни мақсадли тайёрлаш тизимини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Давлат раҳбари, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон курашда ҳам минтақавий, ҳам глобал миқёсда мустаҳкам о’рин эгаллаганини та’кидлади. Эндиликда бу спортни янада оммалаштириш учун Минтақавий спорт курашлари академияси ташкил этилиши белгиланди. Бу йилдан бошлаб Президент кубоги, «Ўзбекистон ботирлари» турнири, Бош прокурор кубоги ва ҳарбий хизматчилар ўртасида кураш спорт мусобақалари доимий ўтказиб борилади.
2026 йилда ҳудудларда қурилаётган мактабларда миллий кураш билан бирга юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича спортчиларни тайёрлаш бошланади. Йил якунига қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан мактабда кураш спорти клублари очилади.
Ўзбекистон президентига январь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро спорт тадбирлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Булар қаторига Бутунжаҳон сузиш федерацияси Ижроия бюроси йиғилиши, Марказий Осиё минтақавий антидопинг агентлиги (RADOCA) йиғилиши ва халқаро форум, шунингдек, Осиё олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеясига киради.
Бош ассамблея доирасида Осиё олимпия ҳаракатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда кенгаш президенти лавозимига сайлов ўтказиш кўзда тутилган. Мазкур тадбирларда Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё олимпия кенгаши, WADA, халқаро спорт федерациялари раҳбарлари ҳамда бошқа нуфузли спорт ташкилотлари вакиллари иштирок этиши, жами 360 нафардан ортиқ хорижий меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда.
