• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 2000 та дорининг улгуржи нархи 40−60% пасайтирилди — Фармагентлик раҳбари


Ўзбекистон 2026 йилга келиб қарийб 6000 та дори воситасининг нархларини пасайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда сешанба куни президентга тақдимотдан сўнг Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов маълум қилди .

Унинг сўзларига кўра, дори воситаларини арзонлаштириш бўйича ишларнинг асосий йўналишларидан бири 25 декабрь куни референт нархларининг қайта кўриб чиқилгани бўлди. Бу нархларни ўртача 40−60% га пасайтириш имконини берган.

«Биз олдимизга референт нархларини пасайтиришни мақсад қилиб қўйганмиз. Ҳозирда дистрибьюторлар учун 2000 та дорининг [улгуржи] нархлари пасайтирилди, 1 мартдан бошлаб аҳоли учун ҳам 2000 та дори нархи пасайтирилади», — деди Азизов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Параллел тарзда нархларни янада пасайтиришни назарда тутувчи янги низом ишлаб чиқилди.

«Шу билан бирга, унга мувофиқ яна 4000 та импорт дори нархлари пасайиши кутилаётган янги қоида ишлаб чиқилди [1 апрелдан бошлаб]. Шунинг учун йил давомида тахминан 6000 та дори воситаси нархлари пасаяди», — деб таъкидлади у.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, нархларни қайта кўриб чиқиш мамлакатга тахминан 70 млн доллар тежаш имконини берди, аммо бу чора дистрибьюторларнинг манфаатларига ҳам таъсир кўрсатди.

«Дистрибьюторлар маълум зарарларга дуч келди: дорилар юқори нархларда, оширилган солиқлар [ва божхона тўловлари] билан сотиб олинди ва нархлар туширилгандан сўнг, ортиқча тўланган суммаларни қайтаришга эҳтиёж пайдо бўлди», — деб тушунтирди Азизов.

Унинг қўшимча қилишича, президент тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун қарийб 20 млн доллар қайтаришни қўллаб-қувватлаган.

Азизовнинг таъкидлашича, янги тартиб-қоидага мувофиқ нархларни қайта кўриб чиқиш давом этади.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда Ўзбекистонда 11 900 дан ортиқ рецептли дорилар мавжуд бўлиб, улардан 7600 таси импорт қилинади.

Референт нархлар ёки дорилар нега қиммат бўлган?

2020 йилда дори воситалари нархлари референт нарх белгилаш тизими доирасида рўйхатга олина бошланди. Бу тизимда ишлаб чиқарувчи мамлакатдаги ва бир нечта бошқа давлатлардаги маҳсулот нархларини солиштириш давлат регулятори томонидан амалга оширилади. Регулятор муайян дори воситасининг хориждаги нарх даражаларини таққослаб, бозор нархининг юқори чегарасини белгилаш ва сотувчиларга уни ортиқча оширишни тақиқлаш ҳуқуқига эга. Шу йилда рўйхатга Туркия ва Миср ҳам қўшилди — бу давлатларда дори воситалари нархлари нисбатан паст ҳисобланади.

Референт тизими фақат препарат бошқа мамлакатларда мавжуд бўлгандагина ишлайди — шунда унинг нархини таққослаш ва максимал чегарани белгилаш мумкин.

Абдулла Азизов аввалроқ импорт дориларнинг 65% ёки 4960 та маҳсулот фақат Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилганини хабар қилганди. Шу сабабли уларни референт мамлакатлар билан таққослаб бўлмади, бу эса етказиб берувчилар юқори нархлар белгилашига олиб келди.

Gazeta манбасининг сўзларига кўра, баъзи компаниялар таблеткалар сонига, препарат ҳажмига ёки фаол моддалар — компаунд деб аталадиган бирикмаларга ўзгартиришлар киритган. Ушбу ўзгаришлар референд мамлакатларда аналоглар топишни имконсиз қилган. Натижада нарх импортёр тақдим этган маълумотлар асосида белгиланган, дея тушунтирганди суҳбатдош.

Июнь ойида агентлик раҳбари Абдулла Азизов Gazeta`га берган интервьюсида фармацевтика нега узоқ муддатли бизнес эканини, референт нарх белгилаш тизими қандай ишлашини ва бозордаги вазиятни барқарорлаштириш учун қандай чоралар кўрилаётганини тушунтирган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *