Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 20 январдаги мажлисида «Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палатанинг матбуот хизмати хабар қилди.
Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартиришлар доирасида маъмурий ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллашга оид ваколатлар Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмаларининг тегишли мансабдор шахсларига берилмоқда.
«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ҳамда «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонунларга киритилаётган ўзгартиришлар орқали қўриқлаш фаолияти соҳасида Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг ваколатлари чегараси аниқ белгилангани қайд этилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Аввалроқ Қўриқлаш хизмати Миллий гвардиядан Ички ишлар вазирлигига қайтарилганди.
