Bloomberg Трампнинг Тинчлик кенгашига аъзо бўлишга таклиф олган давлатлар рўйхатини эълон қилди. АҚШ президенти Фаластин эксклавида барқарор тинчлик ва қайта тикланишни таъминлашга қаратилган 20 банддан иборат режасини илгари суришга умид қилмоқда, деб ёзади нашр.
Журналистлар Тинчлик кенгашига таклиф этилган мамлакатлар рўйхатини манбалар маълумоти ва ижтимоий тармоқлардаги хабарлар асосида тузиб чиққан. Рўйхатда 49 та давлат номи, шунингдек, Европа комиссияси кўрсатилган.
Bloomberg’нинг қайд этишича, ҳали ҳамма давлатлар ҳам таклиф олганини тасдиқлаганича йўқ ва бу рўйхат якуний эмас.
Reuters маълумотларига кўра, Хитой Трампнинг Тинчлик кенгашига қўшилиш таклифини олганини тасдиқлаган. Бироқ яқинда Вашингтон билан савдо масаласида нозик сулҳга эришган Пекин ушбу таклифни қабул қилиш ёки рад этиш борасида аниқ тўхтамга келганини очиқламаган.
Bloomberg берган маълумотларга кўра, Трамп баъзи таклиф этилганларнинг кенгаш иш шартларини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги чақириқларига қарамай, пайшанба, 22 январь куни Давосдаги форумда Тинчлик кенгаши низомини имзоламоқчи.
Дональд Трамп глобал можароларни ҳал қилиш билан шуғулланадиган янги халқаро ташкилот — Тинчлик кенгашини яратмоқда. Унга АҚШ президентининг ўзи раис бўлади. Мамлакатлар доимий аъзолик учун $1 млрд тўлаши керак. Трампнинг танқидчилари у БМТга альтернатив яратмоқда, деган хавотирда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев АҚШ раҳбари Дональд Трампдан «узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни шакллантириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлган давлатларни бирлаштиришга қаратилган янги халқаро тузилма» — Тинчлик кенгашини тузишда таъсисчи давлат сифатида иштирок этиш таклифини олгани ва бунга розилик бергани ҳақида хабар қилинганди.
Давлатлар рўйхати
- Албания
- Аргентина
- Австралия
- Австрия
- Баҳрайн
- Беларусь
- Бразилия
- Канада
- Кипр
- Миср
- Европа комиссияси
- Финляндия
- Франция (Bloomberg президент Макрон бу таклифни рад этгани ҳақида ёзмоқда).
- Германия
- Греция
- Венгрия
- Ҳиндистон
- Индонезия
- Ирландия
- Исроил
- Италия
- Япония
- Иордания
- Қозоғистон
- Марокаш
- Нидерландия
- Янги Зеландия
- Норвегия
- Ўмон
- Покистон
- Парагвай
- Польша
- Португалия
- Қатар
- Руминия
- Россия
- Саудия Арабистони
- Сингапур
- Словения
- Жанубий Корея
- Испания
- Швеция
- Швейцария
- Таиланд
- Туркия
- Бирлашган Араб Амирликлари
- Буюк Британия
- Украина
- Ўзбекистон
- Вьетнам.
