Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида 17 январь куни тушдан кейин мактабга кетаётган 11 ёшли болага ит ҳужум қилди. Бола юз-боши, оёқ-қўллари йиртилиб, оғир тан жароҳати олди. Бу воқеа катталар ва болалар тор кўприкдан ўтадиган дарё бўйида юз берди. Қирғоқлар ахлат билан қопланган бўлиб, маҳаллий аҳолининг айтишича, у ерда итлар тез-тез изғиб юради. Бироқ итнинг эгаси ҳам бўлиши мумкин — бу ҳозир текширилмоқда. Маҳаллада итларни тутиш бошланди — кўчадаги итлар ҳам, уй итлари ҳам олиб кетилди. Gazeta телеканаллардаги репортажларни таҳлил қилади ва янгийўллик ҳайвонлар ҳимоячисининг фикрини келтиради.
Нима бўлди?
Боланинг отаси Обиджон Тўракелдиевнинг Zo‘r TV телеканалининг «Бу кун» кўрсатувига маълум қилишича, ит ўғлининг оёғини тишлаб, судраган, кейин қўлидан, бошидан, бурнидан тишлаган. Қонга беланган болани қўшниси кўриб, уйига олиб борди.
Бола оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Асатуллаевнинг маълум қилишича, унинг бурни, қулоғи ва бошида очиқ жароҳатлар бўлган. У дарҳол операция қилинди ва жонлантириш бўлимига ётқизилди.
Янгийўл тиббиёт бирлашмаси жарроҳи Бахтиёр Давидовнинг Renessans TV каналининг «Овоза» кўрсатувига маълум қилишича, операциядан сўнг боланинг аҳволи барқарор. Унга психологик ёрдам кўрсатилмоқда. Кейинчалик Тошкентда пластик операциялар ўтказилиши кутилмоқда.
Итларни тутиш
«Бу кун»
Янгийўл шаҳар ҳокими ўринбосари Маъмуржон Норбоевнинг «Бу кун»га маълум қилишича, шу куннинг ўзида ИИБ, ветеринария бўлими ва ободонлаштириш бошқармаси ходимларидан иборат гуруҳ тузилиб, маҳалладаги кўча итларини овлашга киришилган. Шунингдек, улар уй итларини олиб кетиб, айнан қайси ит ҳужум қилганини аниқлаш учун текширув ўтказган.
Унинг айтишича, аҳоли дайди итлар масаласида аввал ҳам ҳокимликка мурожаат қилган.
Маъмуржон Норбоевнинг айтишича, овланган итлар ободонлаштириш бошқармасида сақланмоқда, чунки бошқа ит сақлаш жойлари йўқ. Буни бошқа туман ва шаҳарларнинг ҳам муаммоси деб атади.
Ободонлаштириш бошқармасидан Абдураҳмон Илҳомовнинг «Овоза»га маълум қилишича, икки кун ичида 65 дан ортиқ ит — биринчи куни 35 та, иккинчи куни 30 дан ортиқ ит тутилган. Унинг сўзларига кўра, барча маҳаллалар кесимида овлаш жадвали тузилган ва «ҳашар»га бошқа ҳудудлардан одамлар жалб қилинган.
Шунингдек, у шаҳарда итлар учун бошпана йўқлиги сабабли итлар маълум вақт ободонлаштириш бошқармасида сақланишини айтди.
Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Андрей Кагай Sevimli телеканалининг «Замон» кўрсатувига берган интервьюсида шундай деди: «Энг катта муаммо — итларни қаерга жойлаштириш. Бошпана тўлиб кетган — у ерда 7000−8000 та ит боқилади ва улар ҳам қабул қилмаяпти. Умид қиламизки, бу муаммо тез орада ҳал бўлади».
Чиқинди уюми
«Бу кун»
Барча репортажлар кадрларида болалар дарё бўйидаги ахлат уюми ёнидан уйга қайтаётганини кўриш мумкин. Воқеадан кейин уни тозалашни бошлашди. Дарёнинг икки томонида юзлаб метрга сочилиб ётган ахлатларни кўриш мумкин.
Маҳаллий аҳоли вакилининг «Бу кун» кўрсатувига айтишича, бу ерда итлар кўпдан бери изғиб юради ва бу одамларга ёқмайди, болалар ёлғиз юришдан қўрқишади, айниқса қоронғи вақтда. У ахлатхонани йўқ қилиш билан муаммо қисман ҳал бўлишига умид билдирди.
Яна бир фуқаро итларнинг йиғилишига табиий чиқиндилар сабаб бўлганини айтди.
«Аҳолининг ўзи чиқинди ташлайди, бу эса мушук ва итларни ўзига жалб қилади», — деди Андрей Кагай. Чиқиндилар тозаланади, лекин улар яна пайдо бўлади, деди у.
Маҳалла вакилининг «Замон» дастурига маълум қилишича, жорий йилда бу ерда янги кўприк қурилиши керак.
Кимнинг ити?
Gazeta янгийўллик зооҳимоячи Асия Абузярова билан суҳбатлашди. У воқеанинг барча тафсилотлари маълум эмаслигини айтди. Хусусан, битта ёки бир нечта ит ҳужум қилгани, кўча ёки хонаки ит эканлиги ҳақида ишончли маълумотлар йўқ. Баъзи репортажларда «тўда» ҳақида гапирилади, аммо бу тасдиқланмаган. Ижтимоий тармоқларда итнинг эгаси бўлгани ҳақида ёзишмоқда.
Ҳайвонот ҳимоячисининг фикрича, бу катта ит бўлиши мумкин, чунки кичкина ит бундай жиддий жароҳат етказа олмайди. Унинг сўзларига кўра, «уй қўриқчи итлари» ҳужум қилишга моил. Уйда яшамайдиган итлар қўрқиб кетган, уларни бир жойдан иккинчи жойга қувишади, уларнинг ўз ҳудуди йўқ. Уларга қочиб кетиш ва муаммолардан қутулиш осонроқ. Қоровул итларни иши эса ҳудудни қўриқлаш.
Асия Абузярова дайди итлар билан бирга уй ҳайвонларини ҳам тутиб кетишаётганидан ташвишга тушди. «Ҳатто кўчага чиқмаган уй итларини ҳам уйлардан судраб олиб чиқишмоқда… Кексалар ва нафақахўрларнинг итларини ҳам олиб кетишяпти, буни қилиш учун 10 кишилик гуруҳ келяпти», — деди у.
Ободонлаштириш бошқармасидаги қафаслар тор, нормал овқатланиш йўқ, деди ҳайвонот ҳимоячиси. «Биз, кўнгиллилар, озуқа сотиб олиш учун мунтазам равишда пул йиғамиз.» Унга маълумки, шу кунларда хўжайинлардан бири ўзи итига овқат ташимоқда.
У болага ҳужум қилган итни ҳимоя қилмаслигини, бироқ ҳодисанинг барча бевосита ва билвосита сабабларини синчковлик билан текшириш керак деб ҳисоблашини таъкидлади. Бунда ортиқча чора-тадбирлар ва шафқатсизликка йўл қўйиб бўлмайди.
Уни энг кўп ташвишга солаётган нарса — ҳодисадан сўнг итларни йўқ қилишни бошлашлари, жумладан, заҳарланган озиқ-овқатни сепиб кетишлари мумкин. «Биз, ҳайвонот дунёси ҳимоячилари, бундай бўлмаслиги учун вазиятни қандайдир тарзда тартибга солишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ҳозир ҳеч бўлмаса уйлар сотилгандан кейин бошпанасиз қолган итларни қайтаришга ҳаракат қиляпмиз.
Дайди итлар муаммосини қандай ҳал қилиш мумкин?
Асия Абузярованинг фикрича, одамларга ҳайвонларни ҳайдамасликка чақириш ва ўргатиш керак. «Ҳайвондан қутулиш ва виждони тоза яшаш истаги кўпчиликда бор. Уларни тутиб олиш хизматига топшириш, ташлаб юбориш, кўчага чиқариб юбориш каби ҳолатлар учрайди. Ҳозирда энди кучукчаларни ҳам итбоқарларга топширишни бошлашди. Кучукчалар эса волерларда бир ҳафтага ҳам етмай нобуд бўлади. Янгийўлда кўп қаватли уйларга қараганда хусусий уйлар кўпроқ бўлса-да, одамлар у ердан итларни олиб кетишни хоҳлашмайди. Мушуклар билан ҳам худди шундай муносабатда бўлишади, уларни ҳам ташлаб юборишади». Болаларга ҳайвонлар билан тўғри муомала қилишни ўргатиш, ҳайвонларга тош отишга ўргатмаслик ва қўрқитмаслик ҳам муҳим.
Стерилизация, кастрация ва эмлаш дастури зарур, дея давом этади у. «Кўчадаги итларнинг бир қисмини қўлга олиб стерилизация қилдим. Қўлга тушмайдиган итлар ҳам бор. Бундай ҳолларда уларни инсонийлик билан ушлаш, кўнгиллиларга олиб бориш, стерилизация қилиш, эмлаш ва қайтариб қўйиб юбориш учун овчиларнинг ёрдами керак. Чунки одамларга яқинлашмайдиган, мулоқотга кирмайдиган, ҳужум қилиши ва тишлаб олиши мумкин бўлган итлар ҳам мавжуд».
Ҳайвон ҳимоячиси журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқларнинг оддий фойдаланувчилари ҳайвонларга нисбатан қўллайдиган тилни ташвишли деб баҳолади. У шундай деб афсус билдирди: «Мен ҳайвонларга инсонпарварона муносабатда бўлишга, итларни кўчага ташламасликка, эркин сайр қилдиришга йўл қўймасликка, ўз вақтида овқатлантиришга (чунки оч қолган итлар ғазаблироқ бўлади), кастрация қилишга, стерилизация қилишга чақирувчи нашрни бирор марта ҳам кўрмадим. Бундай чақириқлар умуман бўлмади. Аммо йўқ қилишга даъват этиш доимо хуш кўриб кутиб олинади».
