Андижон вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида ёт ғоялар таъсирига тушган бир гуруҳ ёшларнинг хорижга чиқиб кетишининг олди олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аниқланишича, Шаҳрихон туманида яшовчи 17 ёшли йигит ижтимоий тармоқлар орқали террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларни тинглаш оқибатида Суриядаги «Аҳли сунна ва ал жамоа» номли террористик ташкилот таъсирига тушиб қолган.
Ташкилот тарғиботчилари йигит билан алоқада бўлиб турган. Унга турли топшириқлар беришган, жумладан, уйида жамоат тузишни айтишган. Шунингдек, йигит уларнинг топшириғига асосан Instagram`да «Ал-ғариб» номи остида саҳифа очиб, унга «Аҳли сунна ва ал-жамоа» ташкилоти медиа маркази томонидан тайёрланган видео ва аудио материалларни жойлаштирган.
Шу тариқа, у Улуғнор ва Шаҳрихон туманларида яшовчи 16−19 ёшли 13 нафар ёшлардан иборат бўлган «Аҳийлар» номли виртуал жамоатни тузиб, жамоат аъзолари билан жиҳод ва ҳижрат қилиш мавзулари ҳамда халқаро террорчилик ташкилотларнинг даъват ва чақириқларини муҳокама қилиб келган. Улар Сурияга чиқиб кетишни режалаштирган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида мазкур жамоат фаолиятига чек қўйилиб, 13 нафар ёшларнинг Сурияга чиқиб кетишининг олди олинди, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан жамоат аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди (Оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ суд Тошкентда қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишга тайёргарлик кўришда айбланган 20 ёшли йигитни 6 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. У террористик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушгани, Сурияга чиқиб кетиш йўлларини суриштиргани ва тақиқланган экстремистик материалларни тарқатгани айтилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Олий суд экстремистик, террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган деб топилган ва Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган контентлар рўйхатини янгилади. Улар орасида Telegram, YouTube, Instagram`даги ва аудио, видео ва матн форматдаги материаллар бор.