Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент — Владивосток йўналиши бўйича HY707 рейсини амалга ошираётган Boeing 767−300 (UK67007) самолёти 21 январь куни соат 14:46 да (Тошкент вақти билан 12:46) техник сабабларга кўра Красноярск аэропортига фавқулодда қўнди. Бу ҳақда Красноярск аэропорти хабар берди.

Аэропортнинг барча хизматлари зудлик билан тўлиқ шай ҳолатга келтирилган. Хабарда айтилишича, қўниш штат режимида, белгиланган хавфсизлик тартиб-қоидаларига мувофиқ амалга оширилган.

Аэропорт маълумотларига кўра, самолёт бортида 101 нафар йўловчи, 5 нафар парвоз экипажи аъзоси ва 16 нафар борт кузатувчиси бўлган.

Йўловчилар чегара ва божхона назоратларидан ўтгандан сўнг терминалнинг умумий ҳудудига жойлаштирилган.

Ҳаво кемаси техник кўрик якунлангунига қадар парвозлардан четлаштирилди. Тафсилотлар очиқланмаган. Uzbekistan Airways йўловчиларни ташишни давом эттириш учун захира самолёти ажратилганини маълум қилди.

HY707/708, Красноярск — Владивосток / Владивосток — Тошкент рейслари қуйидаги жадвал асосида амалга оширилади:

  • Красноярскдан учиш — соат 5:30 да, Владивостокка етиб бориш — 12:30 да;
  • Владивостокдан учиш — соат 14:30 да, Тошкентга етиб келиш — 17:00 да.

Кутиш вақтида рейс йўловчилари иссиқ овқат ва меҳмонхона билан таъминланади, дейилади хабарда.