Ўзбекистонда онлайн кредитларни расмийлаштиришга чеклов жорий этилмоқда — фуқаро бир кун ичида фақат битта кредит ташкилотидан онлайн кредит олиши мумкин. Бу Марказий банкнинг 21 январда рўйхатга олинган низомидан келиб чиқади. Мазкур низом уч ойдан сўнг кучга киради.
Онлайн кредит олиш учун ариза топширилганда, кредит ташкилоти аввало ариза берувчининг маълумотларини кредит шартномаларини тузиш тақиқланган шахслар реестри бўйича текшириши шарт. Агар фойдаланувчи ҳақидаги маълумотлар реэстрда мавжуд бўлмаса, кредитни расмийлаштириш жараёни давом эттирилиши мумкин.
Онлайн кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг кредит ташкилоти фойдаланувчини мобил иловадаги пуш-хабар ва СМС орқали хабардор қилиши шарт. Хабарномада мавжуд қарзнинг умумий суммаси (агар мавжуд бўлса), шунингдек, берилаётган кредитнинг тўлиқ қиймати кўрсатилиши керак.
Фойдаланувчига танлаш имконияти берилади — расмийлаштиришни давом эттириш ёки қисқа вақт ичида қайта топшириш ҳуқуқи билан аризани бекор қилиш.
Кредит ташкилоти пул маблағларини ўтказишдан олдин қарз олувчини масофадан туриб биометрик идентификатсиялаши шарт. Онлайн кредит бериш ёки рад этиш тўғрисидаги маълумотлар реал вақт режимида кредит бюроларига узатилиши керак.
Шунингдек, ҳужжат кредит ва тўлов ташкилотларига мобил иловаларда алоҳида «Фирибгарлик ҳақида хабар бериш» бўлимини жорий этиш мажбуриятини юклайди. У орқали фойдаланувчилар эҳтимолий фирибгарлик тўғрисидаги маълумотларни — шахсий маълумотлардан тортиб, ҳодиса тавсифи, йўқотилган маблағлар миқдори ва содир этилган вақтгача бўлган маълумотларни узатишлари мумкин бўлади.
Кредит ташкилотларига ҳам ўз ички тартиб-қоидаларидан келиб чиқиб, фирибгарликнинг олдини олиш бўйича қўшимча чораларни жорий этишга рухсат берилди.
Унга кўра, эндиликда кредит ташкилотлари фирибгарлар томонидан ўз номига расмийлаштирилган фуқаролардан онлайн кредитларни ундира олмайди. Жиноят иши доирасида шахс жабрланувчи деб топилганидан кейин фоизларни ҳисоблаш тўхтатилади.
Бундан ташқари, банк ва тўлов ташкилотлари учун янги киберхавфсизлик қоидалари жорий этилмоқда — ЖШШИРни текшириш, «жонли» юзни аниқлаш ва янги қурилмадан киришда карталарни ўчириш. Шунингдек, қўнғироқлар пайтида иловаларни блоклаш, «фаол сессиялар» бўлими ва бошқа чоралар кўзда тутилган.