Medflora корхонаси ишлаб чиқарган 70 фоизли тиббиёт этил спирти талабга жавоб бермайди. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хабар қилди.
Марказнинг Постмаркетинг назорати бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида харид қилинган Medflora корхонаси томонидан ишлаб чиқарган «70 фоизли тиббиёт этил спирти» (ишлаб чиқарилган сана: 02.2022, яроқлилик муддати: чекланмаган, серия: 210222) дори воситаси ўтказилган лаборатория таҳлиллари натижасига кўра норматив ҳужжат талабларига жавоб бермаслик ҳолати аниқланди.
Қайд этилишича, текширувлар натижасида мазкур маҳсулот белгиланган стандартларга жавоб бермаслиги, ишлаб чиқариш жараёни Яхши ишлаб чиқариш амалиёти (ГМП) — Ўз ДСт 2766:2018 талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатга эга эмаслиги маълум бўлган. Шунингдек, дори воситасини ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензия мавжуд эмаслиги ҳамда маҳсулотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномаси амал қилиш муддати тугагани аниқланган.
«Юқоридагиларни инобатга олиб Medflora томонидан ишлаб чиқарилган „70% тиббиёт этил спирти“ (ишлаб чиқарилган сана: 02.2022, яроқлилик муддати: чекланмаган, серия: 210222) дори воситасини тиббиёт амалиётида фойдаланишни дарҳол тўхтатилсин, мавжуд захираларни белгиланган тартибда чақириб олиниб ва йўқ қилиш чоралари кўрилсин», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунининг 23-моддасига мувофиқ, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини реализация қилиш мақсадида сақлаш, ташиш тақиқланади.
Шунингдек, «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низом»га мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилиш, лицензиянинг амал қилишини тугатишга олиб келадиган лицензия талаб ва шартларини равишда бузилиши ҳисобланади.