BBC News қўлга киритган аудиоёзув «Толибон» етакчисини нима энг кўп ташвишга солаётганини фош қилди: бу ташқи хавф эмасди, балки 2021 йилда аввалги ҳукумат ағдарилиб, АҚШ қўшинлари чиқиб кетгач, «Толибон» назоратига ўтган Афғонистоннинг ичидан келаётган таҳдиддир. Аудиода «Толибон» бошқараётган Ислом Амирлигида ҳукумат аъзолари ўзаро зиддиятга бораётгани айтилган ва огоҳлантириш берилганди. Тарқалиб кетган аудиоёзувда олий раҳбар Ҳибатуллоҳ Охундзоданинг ички келишмовчиликлар охир-оқибат барчани ҳалокатга учратиши мумкинлиги ҳақидаги нутқини эшитиш мумкин.
Gazeta BBC нашри эълон қилган мақоланинг ўзбек тилидаги таржимасини ҳавола этади.
«Бундай бўлинишлар оқибатида амирлик қулайди ва йўқ бўлади», — деб огоҳлантирди Охундзода. 2025 йил январь ойида Қандаҳорнинг жанубий қисмидаги мадрасада «Толибон» аъзолари олдида сўзланган бу нутқ бир неча ойлардан бери тарқалиб юрган — «Толибон»нинг энг юқори доираларидаги ихтилофлар ҳақидаги миш-мишлар оловига мой сепди гўё. Бу — «Толибон» раҳбарияти ҳар доим инкор этиб келган бўлинишдир.
«Толибон» вакилининг айтишича, олий раҳбар Ҳибатуллоҳ Охундзода (ўртада) мутлақ ҳокимиятга эга. Аммо Сирожуддин Ҳаққоний (чапда) ва Муҳаммад Ёқуб (ўнгда) каби вазирлар унинг қарорларига шубҳа билан қараган.
Фото: Javid Ashna / Middle East Images / AFP via Getty Images
Аммо ушбу миш-мишлар BBC афғон хизматини ўта ёпиқ гуруҳ фаолияти бўйича бир йиллик суриштирув бошлашга ундади, деб ёзади нашр. Бу жараёнда «Толибон»нинг ҳозирги ва собиқ аъзолари, шунингдек, маҳаллий манбалар, экспертлар ва собиқ дипломатлар билан жами 100 дан ортиқ интервью ўтказилган.
Ҳозирда биз илк бор «Толибон» юқори раҳбариятида Афғонистон келажаги борасида икки хил қарашга эга бўлган иккита алоҳида гуруҳни аниқлашга муваффақ бўлдик, дейди нашр.
Биринчи гуруҳ тўлиқ Охундзодага содиқ бўлиб, у Қандаҳордаги қароргоҳидан туриб мамлакатни ўзининг қаттиққўл Ислом Амирлиги ҳақидаги тасаввури сари етакламоқда. Бу тасаввурда мамлакат замонавий дунёдан узилган бўлиб, жамиятнинг ҳар бир соҳасини унга содиқ диний арбоблар назорат қилади.
Иккинчи гуруҳ эса асосан пойтахт Қобулда жойлашган, уларнинг таркибида нуфузли толиблар бор. Улар — исломнинг қатъий талқинига амал қилган ҳолда — ташқи дунё билан алоқа ўрнатадиган, иқтисодиётни тиклайдиган ва ҳатто қизлар ҳамда аёлларнинг таълим олишига (ҳозирда уларга бошланғич мактабдан юқориси тақиқланган) рухсат берадиган Афғонистон тарафдоридир.
Ички манбалардан бири бу вазиятни «Қобулга қарши Қандаҳор хонадони» деб таърифлаган. Бироқ асосий савол шундан иборат: таркибида вазирлар, қудратли жанчилар ва минглаб тарафдорларга эга нуфузли уламолар бўлган «Қобул гуруҳи» тобора авторитар бўлиб бораётган Охундзодага, унинг нутқида айтилганидек, бирор-бир жиддий тарзда қарши чиқа оладими?
Зеро, «Толибон»нинг қарашига кўра, Охундзода ўз гуруҳининг мутлақ ҳукмдори ва у фақат Аллоҳ олдида жавобгар ва унга қарши чиқиш мумкин эмас.
Кейин шундай бир қарор қабул қилиндики, натижада мамлакатнинг энг кучли раҳбарлари ўртасидаги яширин кураш очиқчасига тўқнашувга айланиб кетди: сентябрь ойи охирида Охундзода интернет ва телефон алоқасини ўчиришни буюрди ва бу билан Афғонистонни ташқи дунёдан узиб қўйди.
Уч кундан кейин интернет яна ишлай бошлади, бироқ бунинг сабабига ҳеч қандай изоҳ берилмади. Аммо ички манбаларнинг айтишича, парда ортида юз берган воқеалар мисли кўрилмаган даражада жиддий эди. «Қобул гуруҳи» Охундзоданинг буйруғига қарши чиқиб, интернетни қайта ёққанди.
«„Толибон“ Афғонистондаги бошқа ҳар қандай партия ёки гуруҳдан фарқли ўлароқ, ўз жипслиги билан ажралиб туради — уларда ҳеч қачон бўлинишлар, ҳатто жиддий норозиликлар ҳам бўлмаган», — деб тушунтиради гуруҳ ташкил топган кезларидан бери уни ўрганаётган афғоншунос эксперт.
«Ҳаракатнинг табиатига раҳбариятга ва охир-оқибат амирга [Охундзодага] сўзсиз бўйсуниш тамойили сингиб кетган. Айнан шу нарса унинг аниқ буйруғига қарамай, интернетни қайта ёқиш ҳаракатини кутилмаган ва эътиборга молик воқеага айлантирди», — дейди эксперт. «Толибон» ички манбаларидан бири таъкидлаганидек, бу ҳақиқий исённинг ўзгинаси эди.
«Диндор киши»
Диний арбоб Ҳибатуллоҳ Охундзода ўз етакчилигини бундай тарзда бошламаганди. Ҳақиқатан ҳам, манбаларнинг айтишича, у 2016 йилда «Толибон»нинг олий раҳбари этиб сайланишига қисман унинг гуруҳ ичида якдилликни таъминлай олиши сабаб бўлган.
Ўзида жанг майдони тажрибаси бўлмагани сабабли у Сирожуддин Ҳаққонийни ўринбосар қилиб олган. Ҳаққоний ваҳима уйғотадиган қўмондон бўлиб, ўша пайтда АҚШ томонидан энг кўп қидирилаётган шахслардан бири эди ва унинг боши учун 10 миллион доллар мукофот тикилганди.
Иккинчи ўринбосар этиб «Толибон» асосчиси Мулла Омарнинг ўғли Ёқуб Мужоҳид тайинланганди. У ёш бўлса-да, отасининг обрўси ва «толибона» насл-насаби ҳаракатни бирлаштириш кучига эга эди. Бундай тузилма «Толибон» жангчилари ва АҚШ бошчилигидаги кучлар ўртасидаги 20 йиллик урушга чек қўйиш бўйича Доҳада Вашингтон билан олиб борилган музокаралар давомида ҳам сақланиб қолган. 2020 йилда эришилган якуний келишув натижасида 2021 йил август ойида «Толибон» мамлакатни тўсатдан ва кескин тарзда қайта эгаллаб олган, АҚШ қўшинлари эса тартибсиз равишда чиқиб кетганди.
2021 йил август ойида Қобулнинг кутилмаганда қулаши ортидан минглаб одамлар АҚШ ва бошқа қўшинлар мамлакатдан чиқиб кетаётганда улар билан бирга эвакуация бўлиш умидида аэропортга ёпирилиб борганди.
Фото: Los Angeles Times
Ташқи дунё учун улар ягона бир куч бўлиб кўринарди. Бироқ, BBC`га ички манбаларнинг маълум қилишича, 2021 йил августда «Толибон» ҳокимиятга қайтиши билан ҳар икки ўринбосар сездирмасдан вазирлик лавозимларига туширилган, Охундзода эса ягона қудрат марказига айланган.
Ҳатто АҚШ билан музокараларга бошчилик қилган, «Толибон»нинг нуфузли асосчиларидан бири Абдулғани Бародар ҳам, кўпчилик кутганидек бош вазир эмас, балки бош вазир ўринбосари лавозимида қолган. Бунинг ўрнига, Охундзода ҳукумат маркази бўлган Қобулдан кўра «Толибон»нинг асосий таянчи — Қандаҳорда қолишни афзал кўрган ва атрофига фақат содиқ мафкурачиларни йиғган. Бошқа содиқ кишиларга мамлакат хавфсизлик кучлари, диний сиёсат ва иқтисодиётнинг айрим тармоқлари устидан назорат топширилган.
«Охундзода бошиданоқ ўз кучли гуруҳини тузишга интилганди», — деди кейинчалик Афғонистоннинг АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган ҳукуматида хизмат қилган собиқ толиб BBC`га.
Охундзода вазирлар маҳкамасини ўз қарашларига содиқ кишилар билан тўлдирди, аммо «Қобул гуруҳи» деб ҳисобланувчи шахслар ўз лавозимларини сақлаб қолди. Бу ерда ҳар икки гуруҳнинг энг нуфузли аъзолари кўрсатилган / BBC.
«Гарчи дастлаб бунга имконияти бўлмаса-да, ҳокимиятни қўлга киритгач, у ўз ваколати ва мавқеидан фойдаланиб, доирасини кенгайтириб, буни маҳорат билан амалга ошира бошлади». Фармонлар Қобулдаги «Толибон» вазирлари билан маслаҳатлашмасдан ва ҳокимиятга келгунча берилган ваъдаларга (масалан, қизларнинг таълим олиши каби масалаларга) эътибор бермай эълон қилина бошлади. Таълимга ва аёлларнинг ишлашига қўйилган тақиқ икки гуруҳ ўртасидаги «асосий келишмовчилик манбаларидан» бири бўлиб қолмоқда, деб қайд этилган БМТ мониторинг гуруҳининг Хавфсизлик Кенгашига декабрда йўллаган мактубида.
Шу билан бирга, бошқа бир ички манба BBC`га 1990-йилларда «Толибон»нинг шариат судларида қози бўлиб иш бошлаган Охундзода диний эътиқодларида «янада қаттиққўл» бўлиб бораётганини айтган.
Охундзоданинг дунёқараши шу қадар кескин эдики, у ўғлининг худкуш бўлиш қарорини нафақат билган, балки уни маъқуллаган ҳам. Бу ҳақда 2017 йилда унинг ўғли ўлганидан кейин «Толибон» вакиллари айтиб берган…
Гувоҳларнинг айтишича, оммавий тадбирларда у юзини яшириб юради — салласи устидан ташланган мато билан кўзларини ёпиб олади ва аудиторияга мурожаат қилганда кўпинча ён томонга қараб туради. Охундзодани суратга олиш ёки видеога тушириш тақиқланган. Унинг фақат иккита фотосурати маълум.
У билан учрашиш ҳам борган сари қийинлашиб бормоқда. «Толибон»нинг яна бир аъзоси BBC`га Охундзода илгари «мунтазам маслаҳатлашувлар» ўтказиб турганини, аммо энди «аксарият вазирлари уни кунлаб ёки ҳафталаб кутаётганини» айтди. Бошқа бир манбанинг сўзларига кўра, Қобулдаги вазирларга «фақат расмий таклифнома олсанггина Қандаҳорга бор» деб айтилган.
Шу билан бирга, Охундзода асосий бўлимларни, жумладан, илгари унинг собиқ ўринбосарлари Ҳаққоний ва Ёқуб назоратида бўлган қурол-яроғ тақсимотини ҳам Қандаҳорнинг ихтиёрига ўтказмоқда. БМТ мониторинг гуруҳи декабрдаги мактубида Охундзоданинг «ҳокимиятни жипслаштириши Қандаҳорнинг бевосита назорати остидаги хавфсизлик кучларини доимий равишда кучайтиришни ҳам ўз ичига олганини» таъкидлади. Хабарларга кўра, Охундзода Қобулдаги вазирларни четлаб ўтиб, бевосита маҳаллий полиция бўлинмаларигача буйруқлар бермоқда.
Таҳлилчилардан бирининг фикрича, бунинг натижасида «ҳақиқий ваколат Қандаҳорнинг қўлига ўтган». «Толибон» матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид эса буни инкор этган.
«Барча вазирлар ўз вазирлик ваколатлари доирасида кундалик ишларни юритади ва қарорлар қабул қилади — барча ваколатлар ўзларига берилган ва улар ўз вазифаларини бажармоқда», — деди у BBC`га. Шунга қарамай, «шариат нуқтаи назаридан, у [Охундзода] мутлақ ҳокимиятга эга», — дея қўшимча қилган Мужоҳид.
«Дунё кўрган» одамлар
Қобул гуруҳи ичида норозилик кучайиб, иттифоқлар мустаҳкамланиб борди. «Улар [Қобул гуруҳи] дунё кўрган одамлар», — деди таҳлилчилардан бири BBC`га. — «Шу сабабли улар ўз ҳукуматининг ҳозирги шаклида узоқ вақт яшай олишига ишонишмайди». Қобул гуруҳи Афғонистонни Форс кўрфази давлатлари модели сари ҳаракатланаётган мамлакат сифатида кўришни истайди.
Уларни ҳокимиятнинг фақат Қандаҳорда тўпланиб қолиши, қаттиққўл ахлоқий қонунлар, дунё давлатлари билан қандай алоқа қилиш ҳамда аёлларнинг ўқиши ва ишлаши масалалари ташвишга солмоқда.
Манба: BBC
Бироқ, афғон аёллари учун кўпроқ ҳуқуқлар талаб қилаётганига қарамай, Қобул гуруҳини «мўътадил» деб таърифлаб бўлмайди, дейди нашр.
Аксинча, ички манбалар уларни ҳали ҳам кучли содиқликка эга «Толибон» асосчиларидан бири — Бародар томонидан норасмий равишда бошқариладиган «прагматиклар» деб ҳисоблайди. Трамп дебатда «Абдул» деб тилга олган одам айнан шу Бародар бўлиши мумкин. Трамп уни «„Толибон“ раҳбари» деб ўйлаган, лекин аслида у АҚШ билан келишувларни олиб борган асосий шахс эди.
Қобул гуруҳининг ўзгариб бораётган позициялари эътибордан четда қолмади. «Биз уларнинг [Қобулда жойлашган „Толибон“ раҳбарларининг] илгари телевизорларни синдириб юрганини эслаймиз, ҳозир эса уларнинг ўзлари телевизорда чиқишлар қилмоқда», — дейди таҳлилчилардан бири. Улар ижтимоий тармоқларнинг кучини ҳам яхши тушуна бошлаган.
Собиқ ўринбосар Ёқубнинг отаси ўз вақтида телевизорни тақиқлаган бўлса-да, ҳозир Ёқубнинг ўзи ёшлар орасида жуда машҳур. Ҳатто TikTok’да уни алқайдиган видеолар ва унинг сурати бор буюмлар кўпайиб кетган.
Аммо ўз имижини янгилашда унинг ҳамкасби, яна бир собиқ ўринбосар Сирожуддин Ҳаққонийдан ўтадигани топилмади. Унинг тармоғи Афғонистон урушида АҚШ бошчилигидаги кучларга қарши энг ҳалокатли ва мураккаб ҳужумларни, жумладан, 2017 йилда Қобулдаги Германия элчихонаси яқинида 90 дан ортиқ тинч аҳоли вакилларининг ўлимига сабаб бўлган юк машинаси портлашини уюштирган бўлса-да, қўлга тушмай қолгани уни тарафдорлари орасида қарийб афсонавий даражага кўтарган.
Сирожуддин Ҳаққонийнинг боши учун тикилган мукофот пули ўтган йили бекор қилинди. Ушбу суратда у «Толибон» ҳокимиятга қайтишидан олдин, ФҚБ (FBI) томонидан қидирувга берилган постерда тасвирланган.
Аммо кейин, АҚШ қўшинлари чиқиб кетганидан олти ой ўтгач, Ҳаққоний Қобулдаги полициячиларнинг битирув маросимида дунё камералари қаршисида юзи очиқ ҳолда намоён бўлган. Бу янги қиёфа сари қўйилган илк қадам эди: энди у шунчаки жангари эмас, балки давлат арбоби сифатида кўрина бошлаган. Ҳатто 2024 йилда New York Times газетаси у билан суҳбат қуриб, сарлавҳани «Афғонистондаги ўзгаришлар учун энг катта умид шу одамми?» деб номлаган.
Орадан бир неча ой ўтиб, ФҚБ унинг боши учун тикилган 10 миллион долларлик мукофотни жимгина бекор қилган. Шунга қарамай, таҳлилчилар ва ички манбалар BBC`га унинг олий раҳбар Охундзодага очиқчасига қарши чиқиш эҳтимоли пастлигини бир неча бор таъкидлаган.
Унинг фармонларига нисбатан энг сезиларли қаршиликлар кичик ва чекланган эди — масалан, Қобул гуруҳи назоратидаги ҳудудларда соқол олиш тақиқи каби қоидаларнинг ижросига қаттиқ турилмасди. Аммо каттароқ исён ҳаракатлари ҳамиша ақлга сиғмайдиган деб ҳисобланган. «Толибон»нинг собиқ аъзоларидан бири «Охундзодага бўйсуниш мажбурий ҳисобланишини» алоҳида қайд этган.
Ҳаққонийнинг ўзи ҳам New York Times`га берган интервьюсида очиқчасига бўлиниш эҳтимолини рад этган. «Ҳозирги вақтда Афғонистон учун бирлик муҳим, шундагина биз тинч мамлакатга эга бўлишимиз мумкин», — деганди у.
Бунинг ўрнига, бир таҳлилчининг фикрича, Қобул гуруҳи ҳам халқаро ҳамжамиятга, ҳам афғонларга: «Биз сизнинг шикоят ва хавотирларингиздан хабардормиз, лекин нима ҳам қила олардик?» деган мазмундаги хабарни йўллашни афзал кўрмоқда. Ҳар ҳолда, интернетни ўчириш ҳақидаги буйруқ келгунига қадар вазият шундай эди.
«Сабр косаси тўлган дам»
«Толибон»нинг олий раҳбари интернетга мутлақо ишонмайди. У интернетдаги маълумотларни динга зид деб ҳисоблайди. У бу фикрида шунчалик қаттиқ турадики, ҳар куни эрталаб янгиликлар ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларни унга ёрдамчиси ўқиб беради. Қобул гуруҳи бўлса замонавий давлат интернетсиз яшай олмаслигига ишонади.
Олий раҳбарнинг интернетни ўчириш ҳақидаги буйруғи аввал Охундзоданинг иттифоқчилари назоратидаги вилоятларда бошланди, кейин эса бутун мамлакат бўйлаб кенгайтирилди. Аммо сўнгра гуруҳ тарихида мисли кўрилмаган воқеа юз берди. «Бу ҳаракатнинг кўплаб аъзоларини ҳайратда қолдирди», — деди манбалардан бири.
Қисқаси, Қобул гуруҳининг энг қудратли вазирлари бирлашиб, пойтахтда бош вазир Мулла Ҳасан Охундни интернетни қайта ёқишга буйруқ беришга кўндирган. Гуруҳ интернет бутун мамлакат бўйлаб узилишидан олдин ҳам бу фармондан норозилигини билдирганди: гуруҳнинг амалдаги раҳбари Бародар Қандаҳорга бориб, Охундзоданинг энг содиқ губернаторларидан бирини «уни уйғотиш» кераклиги ҳақида огоҳлантирган — ва улар олий раҳбарга фақат «хўп» дейдиган одамлар бўлишни бас қилишлари кераклигини қўшимча қилган. «Сиз унга ҳақиқатни очиқ айтмайсиз; у нима деса, шуни шунчаки ижро этасиз», — деган у Қандаҳордаги ички манбанинг сўзларига кўра.
Манбанинг айтишича, унинг сўзлари инобатга олинмаган. Душанба куни, 29 сентябрда, Алоқа вазирлигига бевосита олий раҳбардан ҳамма нарсани ўчириш ҳақида буйруқ келган. Вазирликдаги манба «ҳеч қандай баҳона» қабул қилинмаслиги айтилганини билдирган.
Чоршанба куни эрталаб Қобул гуруҳи вазирлари, жумладан Бародар, Ҳаққоний ва Ёқуб бош вазир идорасида тўпланган, уларга алоқа вазири ҳам қўшилган. У ерда улар Қандаҳор тарафдори бўлган бош вазирга масъулиятни ўз зиммасига олишни ва буйруқни бекор қилишни сўраган. Манбага кўра, улар барча жавобгарлик ўзларида эканини айтган. Бу иш берди. Интернет қайтди.
Аммо энг муҳими, ўша бир неча кун ичида Охундзода бир неча ой олдин ўз нутқида шаъма қилган воқеа содир бўлгандек эди: ички кучлар «Толибон» бирлигига таҳдид сола бошланди.
Бироқ нима учун бундай буйруқ берилди? Таҳлилчилардан бирининг таъкидлашича, «Толибон» аъзолари қизлар таълими каби масалалардаги фармонларга қўшилмаса-да, Охундзодага сўзсиз эргашишда давом эган. Шу билан бирга, унга очиқчасига қарши чиққанларнинг кўпчилиги бунинг бадалини тўлаган.
2025 йил февраль ойида ташқи ишлар вазири ўринбосари мамлакатдан қочиб кетишга мажбур бўлган. Бунга унинг ҳукуматни «20 миллион аёлга нисбатан адолатсизлик қилиб, тўғри йўлдан оғишяпти» деб очиқчасига танқид қилгани сабаб бўлган. БМТ кузатувчиларининг қайд этишича, 2025 йилнинг июль ва сентябрь ойларида Охундзоданинг қизлар таълими ҳақидаги фармонларини шубҳа остига олган камида яна икки киши ҳибсга олинган.
Аммо Охундзода ва унинг иттифоқчилари, Ҳаққонийнинг ҳокимият марказлашуви борасидаги очиқ танқидларига қарамай, уни ўзларига яқин тутишга ҳаракат қилаётгани ҳақида ҳам далиллар мавжуд. Шундай бўлса-да, шунчаки гапдан амалга ўтиш ва буйруқни бунчалик кескин равишда инкор этиш — бу тамомила бошқа даражадаги қадам эди. Бир экспертнинг фикрича, бу сафар таваккал қилишга арзийдиган асос бўлган. Уларнинг эгаллаб турган лавозимлари ҳокимият ва «пул топиш имконияти»ни беради, дейди эксперт. Аммо бу иккаласи ҳам интернетга боғлиқ бўлиб, ҳозирги вақтда интернет ҳам бошқарув, ҳам тижорат учун ўта муҳимдир.
«Интернетни ўчириш уларнинг имтиёзларига шундай таҳдид солдики, буни қизларнинг таълимдан маҳрум этилиши билан қиёслаб бўлмайди», — деб тушунтиради эксперт. «Эҳтимол, шунинг учун ҳам улар ўша сафар жасорат кўрсатишгандир». Интернет қайта ёқилганидан сўнг воқеалар ривожи нима билан тугаши ҳақида турли тахминлар кўпайганди. Қобул гуруҳига яқин манбалардан бири вазирлар аста-секин лавозимидан четлатилиши ёки пастроқ лавозимга ўтказилишини тахмин қилганди. Бироқ, Қандаҳордаги ички манбанинг фикрича, олий раҳбарнинг ўзи «бундай қаршиликдан қўрққани учун» ортга чекинган бўлиши мумкин. Йил якунига етар экан, ташқи томондан ҳеч нарса ўзгармагандек кўринарди.
БМТ Хавфсизлик Кенгашига йўлланган мактубда айрим аъзо давлатлар «Қандаҳор ва Қобул раҳбарлари ўртасидаги бўлинишни статус-квони ўзгартирмайдиган оилавий низога қиёслаб, унга паст баҳо бергани» қайд этилган; зеро, барча юқори мартабали раҳбарлар «Толибон» лойиҳасининг муваффақиятидан манфаатдор.
«Толибон» ҳукуматининг матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳар қандай бўлинишни қатъиян рад этган. «Биз ҳеч қачон бўлинишимизга йўл қўймаймиз», — деган у 2026 йил январь ойи бошида BBC`га берган интервьюсида. — «Барча расмийлар ва раҳбарият бўлиниш ҳамма учун зарарли, Афғонистон учун хатарли эканини, бу диний жиҳатдан тақиқланганини ва Аллоҳ томонидан маън этилганини билади».
Шунга қарамай, у «Толибон» аъзолари ўртасида «фикр»ларда тафовут борлигини тан олган, аммо буни «оиладаги фикрлар хилма-хиллиги»га ўхшатган. Декабрь ойининг ўрталарида ушбу «тафовутлар» яна юзага чиққандек бўлди.
Ҳаққоний ўзининг туғилиб ўсган вилояти Хостда жума намози пайтида йиғилганларга мурожаат қилиб: «Кимки халқнинг ишончи, муҳаббати ва эътиқоди орқали ҳокимиятга келса-ю, кейин ўша халқни ташлаб қўйса ёки унутса… бу ҳукумат эмас», — деб огоҳлантиргани тасвирга олинди.
Худди шу куни Охундзоданинг содиқ издоши, олий таълим вазири Неда Муҳаммад Надим қўшни вилоятдаги мадраса битирувчилари олдида нутқ сўзлади. «Фақат бир киши раҳбарлик қилади ва қолганлар буйруқларни бажаради, ҳақиқий исломий ҳукумат мана шундай бўлади», — деди у. — «Агар раҳбарлар кўпайиб кетса, муаммолар келиб чиқади ва биз эришган бу ҳукумат барбод бўлади».
Интернет устидаги низодан сўнг бу сўнгги чиқишлар 2025 йил бошидаги Охундзоданинг тарқалиб кетган аудиосидаги гапларидан анча фарқ қиладиган вазиятда янграмоқда. Шунга қарамай, 2026 йил Қобул гуруҳи Афғонистон аёллари ва эркаклари учун сезиларли ўзгаришлар қиладиган йил бўладими-йўқми — бу ҳали ҳам катта савол остида.
«Ҳар доимгидек… Амирликнинг юқори доираларидаги очиқ келишмовчиликлардан кейин бир савол очиқ қолмоқда: сўзлар қачондир амалиётга кўчадими?» — дейди эксперт.
«Ҳозирча бу содир бўлгани йўқ».
