Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида кузатилган кучли қор бўрони оқибатида йўлда қолиб кетган фуқаролар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 24 январдан 25 январга ўтар кечаси Жиззах вилояти Фориш тумани «Қораобдол ота» МФЙ ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида кучли шамол сабабли қор бўрони кузатилиб, бир нечта автомобилларнинг ҳаракати чекланиб қолган. Ҳодиса ҳақида келиб тушган мурожаат асосида қутқарувчилар махсус техника ёрдамида фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиб, уларни хавфсиз ҳудудга олиб чиққан.

Шунингдек, 23 январь куни соат 18:00 атрофида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани «Мустақиллик» МФЙ ҳудудидаги автомобиль йўлида ҳам қор бўрони сабаб бир нечта автомобиль йўлда қолиб кетган. Махсус йўл танламас техникада воқеа жойига етиб борган ФВВ қутқарувчилари қийин аҳволга тушиб қолган 10 нафар фуқарони хавфсиз ҳудудга эвакуация қилган.

ФВВ маълумотига кўра, ўтган ҳафта давомида қийин аҳволга тушиб қолган фуқаролардан 289 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улар асосида 325 нафар шахсга амалий ёрдам кўрсатилган.

Аввалроқ Қозоғистонда йўлда қолиб кетган 36 нафар ўзбекистонлик қутқарилган эди. Уларнинг автобуси Павлодар вилоятидаги автомобиль йўлида тўхтаб қолган. Ёмғир ва совуқ ҳаво шароитида саёҳатчилар иситиш пунктига етказилиб, иссиқ овқат билан таъминланган.