2024 йил якуни ва 2025 йил бўйича эълон қилинган табиий газ қазиб олиш маълумотларида 3,3 млрд куб метрлик тафовут қайд этилди, дея эътибор қаратди Gazeta.
21 январь куни Миллий статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган саноат ишлаб чиқариши ҳисоботида 2025 йил якунига кўра мамлакатда 42,3 млрд куб метр газ қазиб олингани қайд этилган. Бу 2024 йилга нисбатан 1 млрд куб метрга ёки 2,4 фоизга кўп (2024 йилда — 41,3 млрд куб метр). Ушбу маълумотларга кўра, газ қазиб олиш ҳажми олти йилдан кейин илк бор ўсган.
Бироқ 2024 йил учун эълон қилинган дастлабки статистикада газ қазиб олиш ҳажми 44,6 млрд куб метр деб кўрсатилган эди.
Статистика қўмитаси матбуот хизмати Gazeta`га календарь йил якунида дастлабки статистик маълумотлар эълон қилиниши, якуний кўрсаткичлар эса келгуси йил июнь ойи охирида шакллантирилиб чоп этилишини билдирди. Шундан сўнг янги ҳисоботларда йиллик баланс ва корхоналарнинг янгиланган ҳисоботлари асосида олдинги даврлар учун аниқлаштирилган ва тузатилган маълумотлар келтирилиши мумкин.
Агар янги маълумотлар ҳақиқий деб қабул қилинса, 2024 йил учун аввал эълон қилинган кўрсаткичлар ортиқча баҳоланган ёки статистикада хатога йўл қўйилган бўлиши мумкин. Нисбий ифодадаги тафовут йиллик ҳажмнинг қарийб 8 фоизини ташкил этади, бу эса тахминан бир ойлик газ қазиб олиш ҳажмига тенг. Илгариги йиллар бўйича бундай катта тузатишлар кузатилмаган.
Қиймат ифодасида 3,3 млрд куб метр газ Россия импорти нархларида 528 млн доллар, Хитойга экспорт нархларида эса 660 млн долларга тенг бўлиши мумкин.
Шунингдек, янги маълумотларга кўра, 2024 йилда газ қазиб олиш ҳажми 2023 йилга нисбатан 5,4 млрд куб метрга камайган, аввал эълон қилинган 2,1 млрд куб метр ўрнига.
Агар янгиланган йиллик кўрсаткич — 41,3 млрд куб метр деб олинса, 2024 йил декабрь ойида қазиб олинган газ ҳажми тахминан 0,3 млрд куб метрни ташкил этган бўлиши мумкин. Бу эса ўртача ойлик кўрсаткичдан (3,3 млрд куб метр) анча паст.
Gazeta 2018 йилдан бери газ қазиб олиш бўйича маълумотларни ўрганди. Бундай тузатишлар охирги бор 2018 йилда — 554,3 млн куб метрга ва 2019 йилда — 1,07 млрд куб метрга амалга оширилган. 2020−2023 йилларда расмий маълумотларда ўзгариш бўлмаган. Умуман, 2018 йилдан бери Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 18,1 млрд куб метрга қисқарган бўлиб, бу тахминан 5,5 ойлик қазиб олиш ҳажмига тенг.
Таҳририят маълумотлардаги тафовутлар ва кўрсаткичларни қайта кўриб чиқиш эҳтимоли юзасидан изоҳ олиш учун Миллий статистика қўмитасига сўров юборди.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекнефтгаз» компанияси раҳбариятдаги яқиндаги ўзгаришлардан сўнг 2026 йилга мўлжалланган режалари ҳақида декабрь ойида берган баёнотида «ҳажм ортидан қувиш»дан воз кечиб, бурғилаш харажатларини 20% га қисқартиришини ва газни чуқур қайта ишлашга устуворлик беришини маълум қилганди. Қазиб олиш ҳажми 2022 йилдаги 32 млрд куб метрдан тахминан 25 млрд куб метргача камайгани айтилганди.
Маълумотлардаги тафовут газ экспортида ҳам кузатилган. Gazeta 2020 йилдан бошлаб кўрсаткичларни таққослаб, 2020 йилдан 2024 йил майигача бўлган даврда етказиб беришлар бўйича фарқ 538 млн долларга етганини аниқлаган.
