27 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев кибержиноятларга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар самараси амалда кўринмаётганини таъкидлаб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Марказий банкнинг бу борадаги фаолиятини танқид қилди.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, уч йил олдин Ички ишлар вазирлигида ташкил этилган кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ишининг натижаси ҳалигача кўзга ташланмаяпти.
«Масалан, ўтган йили пойтахтда кибержиноятлар сони 16 мингдан ортиб, фуқаролар қарийб 2 триллион сўм моддий зарар кўрган. Уларни фош этиш бор-йўғи 8 фоизга ҳам бормаяпти. Ўша одам биздан розими? Давлатдан розими? Норози, албатта. Жиноятчилар банк тизимидаги бўшлиқлардан, аҳолининг ишонувчанлигидан ва технологик билими етишмаслигидан фойдаланяпти», — дея таъкидлади президент.
Шу муносабат билан давлат раҳбари ҳуқуқ-тартибот идоралари, шунингдек, Марказий банк раиси Тимур Ишметовга мурожаат қилиб, кибержиноятчиликка қарши курашиш учун аҳолига нима таклиф қилишларини сўради.
«Ички ишлар ва прокуратурага бу йўналишда барча масалаларни ҳал қилиб берганман. Қани натижа? Ишметов, банк ва тўлов ташкилотларида ҳимоя тизимларини жорий қилиш қачон якунланади? Қани натижа? Қачон банк тизимида жиноятчиликни жиловлайсан? Таклиф беришинг керак. Мана, банкларда аҳвол мушкуллашиб кетяпти, деган таклиф йўқ менда», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, сўнгги йилларда кибержиноятлар кундан-кунга кўпайиб бораётганини таъкидлади. Бугунги кунда уларнинг тури 18 тадан 62 тага ортган.
Давлат раҳбари, айниқса, шахсий маълумотлар ўғирланиши, сунъий интеллект ёрдамида овоз ва ташқи кўринишнинг сохталаштирилиши, зарарли файлларнинг тарқатилишидан хавотир билдирди. Ўзлаштирилган маблағлар криптовалута шаклида хорижга олиб чиқиб кетилмоқда.
Бундай жиноятларни тезкор фош этиш ва тўхтатиш учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари кибертехнологиялар ва сунъий интеллектни мукаммал эгаллаши лозимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлигида кибержиноятчилик бўйича алоҳида департамент ташкил қилинади ва унга вазирнинг ўзи масъул бўлади. Адлия вазирлигида кибержиноятчилик ва рақамли ҳуқуқ бўйича алоҳида бошқарма очилади.
МБ киберхавфсизлик ва молиявий фирибгарликнинг олдини олиш бўйича талабларни кучайтирди
21 январь куни кредит ва тўлов ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, фирибгарликнинг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомдан идентификациядан ўтказиш, қурилмаларни бошқариш, фрод ҳолатларининг олдини олиш ва фрод натижасида етказилган зарарни қоплаш бўйича талаблар ўрин олган. Низом 2026 йилнинг 22 апрелидан кучга киради.
Ҳужжатга кўра, телефон рақамларига келадиган OTP-кодларнинг белгилари сони 6 тадан кам бўлмаслиги ҳамда улар рақамлар ва лотин алифбосидаги ҳарфлар бирикмасидан иборат бўлиши (А-Z, а-z, 0−9), айни пайтда OTP-коднинг амал қилиш муддати 59 сониядан ошмаслиги лозим.
Шунингдек, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида фуқароларни биометрик идентификациядан ўтказиб, уларнинг номига онлайн кредит расмийлаштириш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, эндиликда банк мобил иловаларида ҳаётийлик факторларини (liveness detection) аниқлаш функциясига эга ва ушбу функция реал вақт режимида фаол ишлайдиган биометрик идентификация тизимидан фойдаланилади.
Яна бир асосий жиҳат — эндиликда битта фуқарога тегишли ЖШШИРдан 24 соат давомида фақат бир мартагина кредит расмийлаштириш мумкин.
Фирибгарликка учраган фуқаро ички ишлар органларига мурожаат қилиб, дастлабки тергов-суриштирув ишлари натижасида жабрланувчи деб топилган тақдирда, фирибгарлик орқали расмийлаштирилган онлайн кредит (микроқарз) ва у билан боғлиқ фоизлар, неустойка, жарималарни ҳисоблаш ҳамда жабрланувидан уларни ундириш тўхтатилади. Кредит ташкилоти ушбу фирибгарлик орвали расмийлаштирилган кредит билан боғлиқ тўловларни жабрланувчидан ундирган тақдирда, ушбу тўловлар кредит ташкилоти томонидан суд қарори ёки ажрими асосида жабрланувчига қайтарилади.