2025 йилда Ўзбекистонда истеъмолчиларга 1,6 миллиард рўйхатдан ўтган чеклар учун 1,5 трлн сўмдан ортиқ кешбэк тўлаб берилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитасининг «Фискал таҳлиллар» Telegram канали хабар берди.
Таққослаш учун, 2024 йилда 1 миллиард чек учун 1,052 триллион сўм кешбэк тўланган эди. Бир йилда фискал чеклар сонида 56,7 фоиз, кешбэк суммасида эса 43,9 фоиз ўсиш кузатилган. Шунингдек, 2025 йилда 7,47 млн нафар фуқаро кешбэк олиш хизматидан фойдаланган, бу олдинги йилдан (5,63 млн) 32,5 фоизга кўп демакдир.
Энг кўп кешбэкни Тошкент шаҳри (564 млрд сўм), Тошкент (177,2 млрд сўм) ва Фарғона (129,2 млрд сўм) вилоятлари истеъмолчилари олган. Энг кам тўловлар Сирдарё (19,3 млрд сўм), Жиззах (26,4 млрд сўм) ва Навоий (35 млрд сўм) вилоятларида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш соҳасидаги чекларни рўйхатдан ўтказган фуқаролар 1 фоиз кешбэк олиши мумкин. Шу йилнинг ўзида қарийб 2 миллион истеъмолчига 773 млрд сўмлик тўловлар амалга оширилган.
2024 йилдан бошлаб қайтаришнинг максимал миқдори БҲМнинг 60 баравари, яъни ойига 22,5 миллион сўм билан чекланди.
2025 йил апрелида Солиқ қўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев бизнесни легаллаштириш шарти билан истеъмолчилар учун солиқ кешбэкини оширишга тайёрлигини маълум қилган эди. Қўмита солиқ кешбэкини 1% дан 2% гача ошириш имкониятини ўрганмоқда. Бизнесни қонунийлаштириш ва яширин айланмани қисқартириш бўйича амалдаги чора-тадбирлар самарадорлиги таҳлил қилингандан сўнг қарор қабул қилинади.
Шунингдек, Ўзбекистонда уй-жой харид қилишда кешбэк жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг таъкидлашича, уй-жой қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) ҳисобга олган ҳолда сотиб олиниши керак. Айни пайтда уй-жойларнинг бор-йўғи тахминан 10 фоизи ҚҚС билан сотиб олинади.
