• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Россия Украина энергетика тизимига зарба беришни қайта бошлади – Gazeta


Россия Украинанинг энергетика инфратузилмаси объектларига зарба беришни қайта бошлади. 3 февралга ўтар кечаси Киев, Харьков, Днепр, Одесса ва бошқа шаҳарларга ҳужум қилинди.

«Украинанинг саккизта вилояти зарба остида қолди, — деб хабар берди бош вазир ва энергетика вазири Денис Шмигаль. — Бир неча турдаги баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, дронлар билан кўп қаватли уйлар ҳамда Киев, Харьков ва Днепрдаги туманларнигина иситиш режимида ишлаётган иссиқлик электр марказлари ва иссиқлик электр станцияларига зарбалар берилди».

«Нишонлар ҳарбий эмас, балки фақат фуқаролик объектларидир: юз минглаб оилалар, жумладан, болалар, ҳаво ҳарорати -25 даража бўлган энг қаҳратон қиш чилласида атайлаб иссиқликсиз қолдирилди!» — дея қўшимча қилди у.

Киевда 1100 дан ортиқ уй иссиқлик таъминотисиз қолди. Дрон парчалари бир нечта туманлардаги маъмурий ва турар жой биноларига тушган, беш киши жароҳатланган.

Одесса вилоятида зарбалар минтақа жанубидаги энергетика ва фуқаролик инфратузилмасига берилди. 50 мингдан ортиқ аҳоли вақтинча электр таъминотидан маҳрум бўлди.

Винница вилоятида ўққа тутиш оқибатида 50 та аҳоли пункти электрсиз қолган. Харьков вилоятида эса 820 та уйда иссиқлик ва сув таъминоти ўчирилган.

Украина Ҳаво кучларининг хабар беришича, сешанбага ўтар кечаси Россия Украина бўйлаб 450 та дрон ва 38 та ракета учирган; 27 та ракета ва 31 та дрон нишонга теккани қайд этилган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча Украина шаҳарларига қилинган тунги ҳужум бўйича изоҳ бермади.

1 февралга қадар Россия ва Украина ўртасида энергетика объектларига зарба бермаслик бўйича қисқа муддатли мораторий амал қилаётганди; бу бўйича АҚШ президенти кучли совуқлар туфайли Россия президентидан илтимос қилганди.

Россия зарбаларнинг тўхтатилишини Абу-Дабидаги музокараларни ўтказиш учун «қулай шароитлар яратиш» билан изоҳлаганди. АҚШ, Украина ва Россия делегацияларининг иккинчи учрашуви 4 февралга режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *