Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси таклифига кўра, эндиликда UzAirways орқали учиб кетиш ва қайтиш чиптасига эга йўловчилар айрим сабаблар билан учиб кетолмаганда, қайтиш чиптаси бекор қилинмайди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
«Эндиликда, Uzbekistan Airways хизматларидан фойдаланишда маҳаллий йўналишларда йўловчи етиб келмаганлиги сабабли, йўналишнинг кейинги участкаларида жойларни бронлаштириш бекор қилинмайди. Йўловчи ўзи учун жой банд қилган авиачиптада кўрсатилган йўналишнинг кейинги участкаларида ташишдан фойдаланиши мумкин бўлади», — дейилади қўмита хабарида.
Шу билан бирга, қўмита мазкур қоидани маҳаллий йўналишлардаги бошқа авиакомпанияларга ҳам жорий этиш мақсадида тегишли қоидаларга ўзгартириш киритиш юзасидан ҳамкорликда ишлар олиб бормоқда.
Қўмитанинг маълум қилишича, 2025 йилда авиаташувлар бўйича истеъмолчилардан 127 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларда, хусусан, қуйидаги масалалар кўтарилган:
- кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиниши (65 та);
- сифатсиз хизмат кўрсатилиши (25 та);
- белгиланган йўналишга ва вақт оралиғига риоя этилмаганлиги (27 та);
- асоссиз қарздорлик ва бошқа масалалар (5 та).
Ушбу мурожаатларнинг 122 таси ижобий ҳал этилиб, жами 72 млн сўмга яқин маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилингани айтилади.
Рақобат қўмитаси ҳаво транспортидан фойдаланишда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соҳада рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар учун қулайликлар яратиш борасидаги ишларни тизимли давом эттиради.
