• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бухоро, Сурхондарё ва Наманганда чиқиндидан энергия олишга асосланган заводлар қуриш бошланди


Бухоро, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида чиқиндини ёқиш орқали энергия олишга асосланган заводлар қурилишига тамал тоши қўйилди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан энергия олишга асосланган замонавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича президент топшириғига мувофиқ, агентлик директори ҳамда Хитойнинг Wangneng Environment ва CHSET компаниялари раҳбарлари ўртасида чиқиндиларни етказиб бериш битими имзоланган, дейилади агентлик хабарида.

Шу муносабат билан 2 февраль куни Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси олишга қаратилган инвестиция лойиҳалари қурилишига тамал тоши қўйилди.

Сурат: Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати.

Бухоро вилоятининг Когон туманида Wangneng Environment компанияси иштирокида 165 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига йилига 547,5 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, 230 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга завод қурилади. Лойиҳа ишга туширилиши ортидан ҳудудда қўшимча 150 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида CHSET компанияси иштирокида умумий қиймати 150 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига йилига 438 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, 75 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга завод қурилади. Лойиҳа доирасида қўшимча 150 та янги иш ўрни яратилади.

Ушбу заводлар 2028 йилда ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, корхоналар 30 йил давомида фаолият юритади.

Шунингдек, худди шундай лойиҳа Наманган вилоятининг Чуст туманида ҳам амалга оширилмоқда. «Everbright Environmental Energy Namangan» МЧЖ ХК томонидан хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 150 млн долларни ташкил этади.

Лойиҳа ишга тушиши ҳисобига 547,5 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, 310 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шундан 254 млн кВт/соати тармоққа узатилади. Бу, вилоят ҳокимлигининг қайд этишича, қарийиб 300 минг аҳолининг йиллик электр энергияга бўлган эҳтиёжини қоплайди. Лойиҳа доирасида 180 нафар аҳолининг доимий бандлиги таъминланади.

Айни пайтда республиканинг яна 5 та ҳудуди — Тошкент, Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида бу каби заводлар қурилиши давом этмоқда. Келгусида, Чиқиндиларни бошқариш агентлигига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳам шундай заводлар қурилиши режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *