3 февраль куни Қонунчилик палатаси депутатлари ўз ҳуқуқбузарлиги акс этган тасвирни интернетда тарқатганлик учун жавобгарлик белгилаш кўзда тутилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қубул қилди.

Маъмурий жавобгарлик кодексига киритилаётган 189−3-моддага кўра, содир этган ўзининг ҳуқуқбузарлигини тарғиб қилувчи маҳсулотларни оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернетда тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш кўзда тутилмоқда.

Мажлисда сўзга чиққан депутат Хушвақт Ҳайитов қайд этишича, сўнгги вақтларда айрим ижтимоий тармоқ эгалари ўз ҳуқуқбузарликларини акс эттирувчи видеоёзувларни интернетда тарқатиши оммалашиб бормоқда ва бошқа шахсларни бунга тақлид қилишга олиб келиш ҳолатлари кўпаймоқда.

«Бу ўз навбатида бошқа шахслар, айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуққа нисбатан ҳурматсизлик ва тажовузкорлик кайфиятини кучайтиришга ва бунга тақлид қилишга олиб келмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, лойиҳа билан интернетда лайк тўплаш, обуначилар сонини ошириш учун жавобгарлик белгиланмаяпти. Бу ерда шахснинг ўзи содир этган ҳуқуқбузарлигини ўзи интернетда тарқатганлиги учун жавобгарлик назарда тутилмоқда», — дейди депутат.

Ҳайитовнинг маълум қилишича, ушбу тақиқ бадиий асарлардаги ёки юмористик йўналишлардаги қисқа видеоларда акс эттирилган ва ҳақиқий ҳаётда содир этилмаган ҳуқуқбузарликлар видеосини тарқатганлик учун татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари, бошқа шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик акс этган материалларни, шу жумладан, бу ҳақда тегишли органларга хабар бериш мақсадида тарқатганлик учун ҳеч қандай жавобгарлик назарда тутилмаяпти.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга қадар маромига етказилади.