Ўтган йилнинг февраль ойида Gazeta Нукусдаги хусусий болалар боғчаси ходимлари болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётгани ҳақида хабар берганди. Ўшанда ижтимоий тармоқларда муассаса ходимлари кичик ёшдагилар гуруҳи тарбияланувчиларига зўравонлик қилаётгани акс этган видеоёзувлар тарқалганди. Тасвирларда болаларни йиқитиб, тепишгани, бошига шиппак билан уришгани ва уларга қўпол муносабатда бўлишаётганини кўриш мумкин.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон прокуратураси видеоёзувдаги ҳодисалар 2024 йил ноябрь ойида содир бўлганини маълум қилган. Уларда тарбиячи Р.Ш. ва тарбиячи ёрдамчиси С.Д. иштирок этган.
Болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолати Жиноят ишлари бўйича Шуманай туман суди томонидан кўриб чиқилди. 17 декабрь куни тарбиячилар Р.Ш. ва С.Д. тегишлича 3 ва 2 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. Суд Disney Kids болалар боғчасидаги энг кичик гуруҳ болаларига нисбатан жисмоний зўравонлик 2024 йилда мунтазам равишда содир этилганини аниқлади.
Gazeta танишиб чиққан суд қарори матнига кўра, болалар боғчаси хусусий тарзда фаолият юритган, лекин ундаги ички жараёнлар расмий тартибда қурилган: ходимлар бир лавозимга расмийлаштирилиб, амалда бошқа вазифаларни бажарган; уларнинг иши устидан назорат вақти-вақти билан амалга оширилган. Ота-оналар хоналарга ўрнатилган видеокузатув камераларига кириш ҳуқуқига эга бўлмаган.
Тарбиячи Р.Ш. бевосита кичик гуруҳ тарбияланувчиларига ғамхўрлик қилиш билан шуғулланган. Суднинг аниқлашича, у узоқ вақт давомида тарбияланувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатган: болаларни урган, тепган, сочларидан тортган, полга улоқтирган, бошига, шу жумладан, оёқ кийими билан ҳам урган.
А.К. исмли бола (2023 йилда туғилган) билан боғлиқ воқеа энг оғир ҳолат бўлган. 2024 йил сентябрь ойида бир ярим ёшар бола ўйин хонасида йиғлаган. Иш материалларига кўра, тарбиячи унинг энса соҳасига урган, сўнгра яна бир неча марта бошига уриб, йиғисига эътибор бермасдан, стулга ўтқазиб қўйган. Кейинчалик болага сурункали субдурал мия гематомаси ташхиси қўйилган — бу гематоманинг ҳаёт учун хавфли тури ҳисобланади.
Суд-тиббий экспертизаси шуни кўрсатдики, бундай жароҳат бир мартада юзага келмайди. У маълум вақт давомида бошга олинган такрорий жароҳатлар натижасида шаклланади. Ушбу хулоса зўравонлик тизимли хусусиятга эга бўлгани ва аниқланган воқеадан анча олдин бошланганига далил бўлди.
Суд тарбиячи ёрдамчиси С.Д.ни болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда айбдор деб топди. Айни пайтда унинг роли унчалик оғир эмас деб баҳоланди. Аниқланишича, у ҳам жисмоний куч ишлатган, болаларни урган, йиғлашига ва қаршилик кўрсатишига қарамай, болани полда ушлаб турган ва мажбурлаб овқатлантирган. Судда у болаларни калтакламаганини, балки уларни тинчлантиришга уринганини таъкидлади, бироқ видеоёзувлар ва жабрланувчи ота-оналарнинг кўрсатмалари бу гапларни инкор этди.
Видеокузатув камералари ёзувлари иш бўйича асосий далил бўлди. Болалар боғчасидаги камераларни ҳаммуассислардан бири ўрнатган, лекин узоқ вақт давомида архивни ҳеч ким кўздан кечирмаган. 2024 йил охирига келибгина ускуналар олиб қўйилди, 2025 йил январь ойида эса ёзувларни текшириш чоғида болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари акс этган кадрлар аниқланди. Дастлаб видеолар боғча раҳбариятига кўрсатилди, кейин материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилди. Кейинчалик ёзувлар оммага эълон қилинди ва жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлди.
Ижтимоий тармоқларда видеоёзувлар пайдо бўлишидан олдин ота-оналар болаларнинг хулқ-атворидаги хавотирли ўзгаришларни пайқаган, лекин уларни боғча билан боғлашмаган. Судда улар болаларнинг ёмон ухлай бошлаганини, кечалари бақириб уйғонишини, боғчага боришдан бош тортишини, тажовузкор бўлиб қолганини ёки аксинча, ёпиқ бўлиб қолганини айтишди. Баъзиларида ўз бошига уриш, айрим болаларда нутқ бузилиши кузатилган. МТМ маъмурияти кўкаришлар ва шилинишларни «йиқилишлар» ва «болаларча шўхлик» билан изоҳлаган .
Деярли барча ота-оналар ўша пайтда фарзандлари ҳали гапира олмаслиги ва уларга нима бўлаётганини айтиб бера олмаганини таъкидладилар. Кўпчилик зўравонлик миқёсини фақат видеоёзувларни кўргандан сўнг билди. Судда жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари айбланувчиларни кечириш ниятида эмасликларини ва ҳақиқий жазо берилишини талаб қилишларини билдирдилар.
Р.Ш. суд жараёнида куч ишлатганини тан олди, лекин ўз ҳаракатларини стресс, 12 соатлик иш куни ва шахсий муаммолар билан изоҳлашга уринди. У пушаймон бўлганини айтиб, шафқат сўради. С.Д. эса айбига қисман иқрор бўлди.
Суд ҳаракатларнинг мунтазамлиги, хусусияти ва шафқатсизлиги уларнинг тасодифий ёки якка ҳодиса деган фаразни истисно қилишини билдириб, иккала ходимни Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисмининг «а» ва «в» бандлари (Вояга етмаган шахсни қийнаш; айбдорга маълум бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қийнаш) бўйича айбдор деб топди. Бундан ташқари, Р.Ш. болалардан бирида гематома аниқлангандан сўнг, қўшимча равишда Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) бўйича ҳам айбдор деб топилди.
Жабрланувчилардан бирининг отаси Эркин Раҳимов Gazeta мухбири билан суҳбатда боғча фаолиятини давом эттираётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, муассаса мудираси, суднинг аниқлашича, тарбияланувчиларга нисбатан зўравонлик бир неча ой давом этган бўлса-да, содир бўлган воқеадан бехабар бўлганини айтган. Шу билан бирга, Раҳимовнинг таъкидлашича, бу ҳолат боғча раҳбарияти учун ҳеч қандай оқибатларга олиб келмаган.
У суд қарорига апелляция бермасликка қарор қилди. Раҳимов ўз қарорини ҳукмнинг қайта кўриб чиқилишига умид қилмаслиги билан изоҳлади. Бироқ жабрланувчи боланинг отаси боғча билан тузилган шартнома шартларининг бажарилмаганлиги сабабли фуқаролик судига даъво аризаси топшириб, етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилди.
