• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда уран ишлаб чиқариш 7 минг тоннага етди, захиралар 139 минг тонна деб баҳоланмоқда


2025 йилда Ўзбекистонда 7 минг тонна уран ишлаб чиқарилиб, аниқланган захиралар эса 139 минг тоннага етди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати уран соҳасини ривожлантириш режаларини кўриб чиқиш якунлари бўйича хабар қилди.

Жаҳон ядро уюшмаси маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда 4 минг тонна уран қазиб олинган. Шу маълумотларга таянганда, 2025 йилда уран ишлаб чиқариш ҳажми 75 фоизга ошган.

Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида жорий йилда қатор конларда қазиб олиш ишларини бошлаш ва жадаллаштириш топширилганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда Жиззах вилоятидаги «Арнасой», Навоий вилоятидаги «Ғарбий Қизилқоқ» ва «Жанубий Жонгелди», Самарқанд вилоятидаги «Шарқий Ағрон» конларини ўзлаштиришни бошлаш режалаштирилган.

Хомашё қазиб олиш ҳажмининг кўпайиши муносабати билан уни қайта ишлаш қувватларини ҳам ошириш зарурлиги қайд этилган.

«Дунёда хомашё ва маҳсулот етказиб бериш занжирида узилишлар кузатилаётган бир даврда мазкур соҳани янада ривожлантириш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди», — деди у.

«Арнасой» уран конни ўзлаштиришни тезлаштириш бўйича алоҳида топшириқ берилган. Ушбу коннинг инвестицион лойиҳасининг умумий қиймати 150 миллион доллар бўлиб, «июль ойидан уран қазиб олишни бошлаш тўғрисида аниқ кўрсатмалар берилди», — деди Урал Юсупов.

Унинг таъкидлашича, «Арнасой» конни ўзлаштириш доирасида 68 км автомобиль йўллари ва 110 км янги электр узатиш линияларини қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, барча лойиҳалар бўйича техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ва янгилаш ишларини жадаллаштириш топширилган. Уран ишлаб чиқаришни барқарор таъминлаш учун технологик жараёнда асосий хомашё ҳисобланган сульфат кислотаси ишлаб чиқариш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Шу мақсадда Навоий вилоятида Ўзбекистон технологик металлар комбинати томонидан қурилаётган сульфат кислотаси заводини жорий йилда ишга туширишни тезлаштириш вазифаси қўйилган.

Бундан ташқари, Zaravshon Industry корхонасига ўзининг сульфат кислотаси ишлаб чиқариш заводини ишга туширишни жадаллаштириш бўйича аниқ муддатлар ва кўрсатмалар берилган.

Таққослаш учун: дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган Қозоғистонда уран қазиб олиш ҳажми 25,8 минг тоннани ташкил этган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *