АҚШ президенти Дональд Трамп 2 февраль куни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишга рози бўлганидан сўнг Ҳиндистон товарлари учун божларни 25 фоиздан 18 фоизгача туширишни режалаштираётганини маълум қилди.
«Биз кўплаб масалалар, жумладан, савдо-сотиқ ҳамда Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатиш ҳақида гаплашдик. У Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишга ҳамда АҚШдан ва, эҳтимол, Венесуэладан анча кўп нефть сотиб олишга рози бўлди. Бу ҳозирда давом этаётган ва ҳар ҳафта минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган Украинадаги урушни ТЎХТАТИШГА ёрдам беради!» — деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social тармоғидаги саҳифасида.
«Бош вазир Модига бўлган дўстлик ва ҳурматимиз юзасидан ҳамда унинг илтимосига биноан биз дарҳол кучга кирадиган АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо келишувига эришдик. Унга кўра, Қўшма Штатлар ўзаро имтиёзли божни 25 фоиздан 18 фоизгача туширади. Улар ҳам, ўз навбатида, Қўшма Штатларга қарши божхона тўловлари ва тарифсиз тўсиқларни НОЛГАЧА тушириш устида иш олиб боради» — дея таъкидлади АҚШ президенти.
Бу қарор Трампнинг бир неча ой давомида Ҳиндистонга Россиянинг арзон нефтига қарамликни камайтириш бўйича ўтказган босимидан сўнг қабул қилинди. Дунёнинг катта қисми Москвани 2022 йил февралида Украинага бостириб киргани учун яккалаб қўйишга интилаётган бир пайтда Ҳиндистон Россия нефтининг пасайтирилган нархларидан максимал даражада фойдаланиб келаётганди, деб таъкидлайди AP.
Трампнинг таъкидлашича, Ҳиндистон, шунингдек, 500 миллиард долларлик Америка маҳсулотларини сотиб олади.
Моди эса X (собиқ Twitter) тармоғида божлар пасайтирилганидан «мамнун»лиги ва Трампнинг «етакчилиги глобал тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик учун муҳим» экани ҳақида твит қолдирди.
«Мен шериклигимизни мисли кўрилмаган чўққиларга олиб чиқиш учун у билан яқиндан ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутаман», — деди Моди.
Аммо РБК нашрининг Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб ёзишича, «Кремль Ҳиндистондан нефть сотиб олиш тўхтатилиши ҳақида ҳеч қандай хабарнома олгани йўқ».
«Москва Вашингтон ва Нью Деҳли ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ҳурмат қилади, бироқ Россия-Ҳиндистон стратегик шериклигини ривожлантиришга „кам бўлмаган аҳамият“ беради. Биз учун энг муҳими мана шу», — дея қўшимча қилди Песков.