Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида эркак бир ёшли боласини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Milliy телеканалида хабар берилди.

Маълум бўлишича, 31 ёшли эркак ва унинг хотини ўртасида ўзаро тушунмовчилик юзага келган. Жанжал давомида жаҳли чиққан айбланувчи гўёки аёлидан қасд олиш мақсадида бир ёшли қизининг қорин қисмига ошхона пичоғини санчиб олган.

Бола зудлик билан шифохонага олиб борилган, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай у касалхонада вафот этган.

«Минг пушаймонман, афсусдаман. Бу ишлар бўлишини хоҳламагандим. Аёлим, сендан ҳам кечирим сўрайман. Онажон кечиринг», — деди у суд мажлисида.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳри суди эркакни Жиноят кодекси 97-моддаси иккинчи қисмининг «в» банди (Айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш) билан айбли деб топди ва унга 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.