• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Поп ўрмон хўжалигида қатор қонунбузарликлар аниқланди – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Наманган вилояти Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги мансабдор шахслари билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Январь ойи бошида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрмон хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш борасида мазкур ўрмон хўжалигига тегишли ҳудудларда текширув ишлари ўтказилган.

Унга кўра, муассаса мансабдорларининг ўз вазифаларига совуққонлик билан ёндашувлари натижасида хўжалик ер майдонларини ижарага олган 5 нафар тадбиркор томонидан тегишли ташкилотлар рухсатисиз, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотлар қурилиб, ер участкасининг ихтисослашуви ўзгартирилиши оқибатида давлат манфаатларига жиддий зарар етказилган.

Бундан ташқари, 460 нафар ижарачидан ижара пуллари ундирилмагани оқибатида давлат манфаатларига 1 млрд 480 млн сўм, мансабдорлар айрим ижарачилар билан тил бириктириб, 2023−2025 йиллар давомида жами 5356 метр/куб норуда материалларни ноқонуний қазиб олиб, давлатга 1 млрд 322 млн сўмлик зарар етказилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда:

  • 193-модда (Ер тайёрлаш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш);
  • 196−1-модда (Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш);
  • 207-модда (Мансабга совуққонлик билан қараш);
  • 229-модда (Ўзбошимчалик).

Бундан ташқари, ушбу ўрмон хўжаликнинг бўлим ўрмонбеги муқаддам хўжалик балансида бўлган ва кейинчалик туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган ерлардан 20 сотих қисмини танишлари орқали Чуст туманида яшовчи фуқарога турар-жой сифатида расмийлаштириб бермоқчи бўлган. Эвазига 15 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу пул маблағидан 500 долларини олган вақтида Давлат кадастрлар палатасининг Поп туман филиали мутахассиси ҳам ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартибини бузган ҳолда, маҳаллий тадбиркорга хўжалик балансидаги 50 сотих ер майдонини шартнома асосида ижарага бермоқчи бўлган.

Бунинг учун 10 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 5 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ушбу мансабдор шахс муқаддам бир неча бор судланган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *