• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Наманганда Россия армияси сафида Украинада жанг қилган 57 ёшли фуқаро 3 йилга қамалди


28 январь куни жиноят ишлари бўйича Поп туман (Наманган вилояти) судида Россия-Украина урушида Россия томонидан қатнашган 57 ёшли фуқарога нисбатан ҳукм ўқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳужжатларига кўра, судланувчи У.Х. 2022 йил 29 август куни ишлаш мақсадида Россия Федерациясига бориб, у ерда ўн ой давомида меҳнат қилган. Кейинчалик Россия ҳарбийларининг таклифига кўра, 2023 йил 5 июнь куни Рязань вилоятидаги ҳарбий хизматга танлаб олиш пункти орқали бир йил муддатга Россия армияси сафида хизмат қилиш бўйича шартнома имзолаган.

Шундан сўнг у Россия Федерацияси мудофаа вазирлигига қарашли 02511-сонли ҳарбий қисмга қабул қилиниб, ўқчи лавозимида хизмат қилган. Суд ҳужжатларида қайд этилишича, унга оддий аскар ҳарбий унвони берилган ва ҳар ой 210 минг рубль миқдорида маош тўланган.

У.Х. Россия томонидан Украинага қарши олиб борилган жанговор ҳаракатларда иштирок этган. 2023 йил 5 август куни жанг вақтида оёқларидан яраланиб, Россиянинг Белгород вилоятидаги ҳарбий госпиталга жойлаштирилган. У ерда бир неча ҳафта даволанган. Шартнома муддати тугагач, 2024 йил 5 июнь куни Россияга қайтган.

Суд ҳужжатларига кўра, у жанговар хизматлари учун Россиянинг «Жуков» кўкрак нишони билан тақдирланган. Шунингдек, 2025 йил 26 февраль куни унга Россия фуқаролиги ва фуқаролик паспорти берилган.

Судланувчининг кўрсатмалари

Суд мажлисида У.Х. аввал ҳам бир неча бор ишлаш мақсадида Россияга бориб келганини айтган.

«1996 йилда Поп туманида ўқитувчилик фаолиятини бошлаганман, лекин ўша пайтларда моддий аҳволим оғир эди. Шу сабаб 2006 йилда биринчи марта ишлаш мақсадида Россияга кетганман. У ерда мавсумий қурилиш ишларида ишладим. Кейин ҳам бир неча марта бориб ишлаб келиб юрдим», — деди у.

Унинг айтишича, 2014 йил октябрь ойида Россияда бўлиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларининг муддати тугаб қолгани сабаб беш йил муддатга депортация қилинган. 2022 йил август ойида эса яна ишлаш мақсадида Рязань вилоятига бориб, қурилиш ишларида меҳнат қилган.

«Пулга муҳтожлигим, қарзларим кўплиги ва моддий аҳволимни яхшилаш мақсадида 2023 йил 5 июнь куни Россия мудофаа вазирлиги билан ихтиёрий равишда бир йиллик шартнома туздим», — деди судланувчи.

Унинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматни Россия мудофаа вазирлигига қарашли 02511-сонли ўқчи бригадада бошлаган ва 2023 йил 16 июнь куни Украинанинг Харьков вилоятига олиб борилган.

«У ерда асосан дрон ва артиллерия орқали жанглар бўларди. Биз ертўлада яшардик. 2023 йил 5 август куни жанг пайтида портлаш натижасида чап ва ўнг оёқларимдан жароҳатландим. Мени Белгород вилоятидаги ҳарбий госпиталга олиб боришди. Госпиталда 2023 йил 5 августдан 13 сентябргача даволандим», — деди у.

Саломатлиги яхшилангандан сўнг у яна Харьков вилоятида жойлашган ҳарбий қисмга қайтган. 2024 йил июнь ойида шартнома муддати тугагани сабаб хизматни якунлаган ва Россия мудофаа вазирлигига қарашли реабилитация марказида бир неча ой бўлган.

Унинг айтишича, 2024 йил октябрь ойида Рязань шаҳридаги миграция марказига мурожаат қилиб, ҳужжатларини топширган ва кейинчалик Россия фуқаролигини олган. 2025 йил май-июнь ойларида Саудия Арабистонига ҳаж зиёратига борган. 2025 йил июль ойида Россия фуқаролик паспорти билан Ўзбекистонга келган, кейин яна Россияга чиқиб кетган.

2025 йил сентябрь ойида эса Поп тумани ИИБга чақирилиб, у ерда бўлиб ўтган ҳолатлар юзасидан кўрсатма берган.

Суд қарори

Суд ҳукмига кўра, У.Х. Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

Суд унга нисбатан мазкур модда билан, Жиноят кодексининг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *