23 февраль кунидан Тошкент — Санкт Петербург — Тошкент йўналишида автобуслар қатнов бошланади, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Қатновлар ҳафтада икки маротаба — душанба ва жума кунлари Uzautotrans service корхонаси томонидан бажарилади. Биринчи рейс 23 февраль куни соат 17:00 да «Тошкент» автовокзалидан жўнайди. Чипта нархи 1,2 млн сўм.
Санкт Петербург автовокзалигача бўлган йўлда оралиқ тўхташ Москва шаҳри «Новоясеневская» автовокзалида амалга оширилади.
Тошкентга қайтиш рейслари ҳам ҳафтанинг душанба ва жума кунлари бажарилади. Автобуслар Санкт Петербург автовокзалидан маҳаллий вақт билан соат 17:00 да жўнайди.
Spot ёзишича, ҳозирда Тошкентдан халқаро автобуслар орқали Россиянинг 17 та шаҳрига бориш мумкин. Улар орасида Москва, Нижний Новгород, Қозон, Самара, Тольятти, Пермь, Уфа ва Новосибирск шаҳарлари бор.
Эслатиб ўтамиз, 8 апрелдан Тошкентдан Краснодарга, 6 октябрдан бошлаб эса Тошкентдан Қозонга мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилган эди.
