2025 йилда Умра зиёратини ноқонуний ташкил этиш билан боғлиқ 178 та жиноят иши қўзғатилган, деб хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.
Қўмита фуқароларни Ҳаж ва Умра зиёратларига юбориш бўйича ноқонуний фаолият олиб бораётган ташкилотлардан огоҳлантирди.
Қайд этилишича, сўнгги бир йил давомида Умра тадбирларини ноқонуний амалга ошириш билан боғлиқ 178 та жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, лицензиясиз фаолиятни амалга оширган 47 та, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган 15 та туристик ташкилотларга жарималар қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Ҳаж ва Умра ягона портали» ишга туширилди. Ўзбекистон фуқаролари энди Ҳаж ва Умрага бориш учун ягона портал орқали рўйхатдан ўтиши керак бўлади. 1 февралдан — Ҳаж тадбирига, 1 майдан Умра тадбирига бориш учун порталда рўйхатдан ўтиш шарт.
Шавкат Мирзиёев 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда аввал «кўча» деб танилган уюшган жиноятчилик бугун бизнес ниқоби остида даромадли соҳаларга кириб бораётганини, хусусан, «Ҳаж» ва «Умра» зиёратига юборишда жиноий тўдалар фаолияти анча кўпайганини таъкидлаган эди. «»Жалолқудуқ Авиатранс» корхонаси Умра зиёрати бўйича 534 нафар фуқарони алдаб, шунчаки Саудия Арабистонига юбориш билан чекланган, етказилган зарар 18 миллиард сўм бўлган. Бу ҳам ҳақиқат, бу ҳам Ўзбекистонда бўляпти. Лекин ҳеч ким бонг урмайди. Жаҳонгир Хатамов, [Азиз] Тошпўлатов бундай уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига қачон барҳам беради? Сизлар қилмасаларинг ким қилади?» — деган эди президент.
Ўзбекистонда Умра зиёратини ташкил этиш учун 14 та сайёҳлик агентлигига лицензия берилган бўлиб, уларнинг тўлиқ рўйхати билан қўмита сайтида танишиш мумкин.
2024 йил 2 июлдаги қонунга кўра, Умра зиёратини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматлар лицензияланадиган фаолиятга айланган. Лицензиялаш ваколатлари Дин ишлари бўйича қўмитага берилди. Вазирлар маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги қарори билан бундай операторлар учун бир қатор мажбурий шартлар, жумладан, Зиёрат жамғармасига 1 миллион доллар миқдорида маблағ захиралаш, малакали диний мутахассисга эга бўлиш ва зиёратчиларга жўнаб кетиши олдидан бориш ва қайтиш авиачипталарини харид қилиш кабилар жорий этилган.
