• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Хусусий мактаблар ва боғчаларга бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини очишга рухсат берилади


4 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича таклифларни кўриб чиқди.

Мактабгача таълим боланинг интеллектуал, ижтимоий ва маънавий ривожланишидаги муҳим босқич ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатда болалар боғчасига қабул қилиш даражаси 78% гача ошди.

Бироқ қамровни 80 фоизга етказиш учун янги боғча ўринларини яратиш талаб этилади, 39 та туман ва шаҳарда эса боғча қамрови 70 фоиздан паст даражада қолмоқда.

Кадрлар билан боғлиқ вазият алоҳида таъкидланди. Давлат боғчаларида педагогларнинг 61 фоизи, нодавлат боғчаларда эса 76 фоизи ўрта махсус маълумотга эга, бу эса расмийларнинг фикрига кўра, қўшимча касбий ривожланишни талаб қилади.

Тақдимотда президент мактабгача таълим тизимини янги босқичга кўтариш чораларини муҳокама қилди. Жумладан, бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида жорий этилади. Бунда болаларни мактаб таълимига пухта тайёрлаш, таълимда узлуксизликни таъминлаш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Мактабгача таълим тизимида ўйинга асосланган таълим модели жорий этилиб, боланинг табиий қобилияти ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда таълим-тарбия жараёни ташкил қилинади. Илғор хорижий тажрибалар асосида ўқув муҳити янгиланади.

Бундан ташқари, расмийлар «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини шакллантиришни режалаштирган. 2026−2028 йилларда ҳар бир ҳудудда 120 ўринли «Янги авлод» давлат боғчалари ҳамда уларнинг таркибида Болаларни ривожлантириш инновацион марказлари очиш кўзда тутилган.

Мазкур боғчаларда қўшимча раҳбар ҳамда тарбиячи-йўриқчи штатлари жорий қилиниб, раҳбар ва педагог ходимларга тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.

Мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ҳам бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади. Бу орқали таълим хизматлари бозорида соғлом рақобатни кенгайтириш ва қамровни ошириш мақсад қилинган.

Кадрлар тайёрлаш соҳасида 2026−2027 ўқув йилидан бошлаб мактабгача ва бошланғич таълим бўйича педагогика университетларининг ўқув дастурларини янгилаш режалаштирилган. Амалда ишлаб келаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун дуал таълим («5+1») асосида бакалаврлар тайёрлаш тизимини жорий этиш режалаштирилган.

2027−2028 ўқув йилидан бошлаб мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия олган болаларга давлат намунасидаги электрон сертификат берилиши, мазкур маълумотлар умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномада қайд этилиши кўзда тутилмоқда.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон 12 йиллик мактаб тизимига ўтишга тайёргарлик кўришни бошлагани ҳақида хабар берилганди. 6 ёшли болалар учун бир йиллик тайёрлов даври мактаб таълими тизимига киритилади. Бу миллий таълимни халқаро стандартларга яқинлаштириши, хусусан, хорижий ОТМларга киришни осонлаштириши керак.

Натижада 12 йиллик таълим босқичлари қуйидагича бўлиши таклиф этилмоқда:

  • 1 йиллик мактабга тайёрлов ва ва 4 йиллик бошланғич таълим;
  • 5 йиллик таянч умумий ўрта таълим (5−9 синфлар);
  • 2 йиллик умумий ўрта таълим (мактаб, академик лицей, ҳарбий мактаблар, техникумлар)

Бунинг натижасида Ўзбекистонда таълим босқичлари ЮНЕСКОнинг (ISCED-2011) халқаро даражаси билан мувофиқлаштирилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *