• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистондаги хусусий боғчаларга янги имтиёзлар берилади


4 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чора-тадбирларни муҳокама қилди.

Мактабгача таълим қамрови даражаси 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлар учун қатор қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этиш режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирлар мактабгача таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга қаратилган.

Жумладан, мактаб ва боғчалар ҳудудидаги бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар ташкил этилганда, ижара тўловлари 30 йилгача ундирилмайди.

Шунингдек, ҳар бир тарбияланувчи учун давлат боғчаларида бир болага тўғри келадиган харажатнинг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Ушбу тартиб 2024 йилдан ташкил этилган нодавлат боғчаларга ҳам татбиқ этилиши режалаштирилган.

Қамров даражаси паст ҳудудларда боғча ва мактабдан ташқари жойларда қуввати камида 150 ўринли нодавлат боғчалар ташкил этилса, 7 йилгача муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади.

Шу билан бирга, тарбиячиларга ойлик иш ҳақи тўлаш харажатлари давлат боғчаларида белгиланган меъёрлар асосида уч йил давомида қоплаб берилади. Ҳар 30 нафар болага бир нафар тарбиячи штати ҳисобланади.

Мазкур имтиёзлар янги кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватида ташкил этиладиган хусусий боғчаларга ҳам татбиқ этилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, 2030 йил 1 январга қадар қуввати 150 ўриндан кам бўлмаган нодавлат боғчалар ташкил этган тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси бўйича енгилликлар берилади.

Президент таклиф қилинган чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш зарурлигини таъкидлади ва масъул идораларга уларнинг амалга оширилишини таъминлашни топширди. Унинг қайд этишича, мактабгача таълим сифатини ошириш болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун асос бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, бир йиллик тайёрлов курсини мажбурий умумий ўрта таълимнинг биринчи босқичига айлантириш режалаштирилмоқда. Хусусий мактаблар ва болалар боғчаларига бир йиллик тайёрлов гуруҳларини очишга рухсат берилади. 2027−2028 ўқув йилидан бошлаб ушбу курсларни тугатган болалар давлат сертификати олади.

Декабрь ойида президент аҳолининг йиллик ўсиши туфайли Тошкентда 75 та мактаб ва болалар боғчаси, шунингдек, 23 та спорт мажмуаси етишмаслигини таъкидлаганди. У ҳокимларга маблағ жалб қилиш ҳисобига ҳар йили биттадан объект қуришни буюрди, қолган иншоотлар эса инвестиция дастурлари орқали қурилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *