Испанияда 16 ёшгача бўлган шахслар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Педро Санчес 3 февраль куни БААда бўлиб ўтган етакчилар саммитида маълум қилди.
«Фарзандларимиз ҳеч қачон ёлғиз қолиш учун мўлжалланмаган маконга тушиб қолишмоқда. Қарамлик, зўравонлик, порнография, манипуляция ва шафқатсизлик майдони. Биз бунга ортиқ тоқат қилмаймиз. Уларни рақамли «Ёввойи Ғарб»дан ҳимоя қиламиз», — деди Санчес.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, ижтимоий платформалар «шунчаки галочка эмас», балки ёшни текширишнинг самарали тизимларини жорий этишга мажбур бўлади.
Таклиф этилаётган тақиқ вояга етмаганларнинг рақамли ҳимояси тўғрисидаги амалдаги қонунга ўзгартиришлар доирасида қабул қилинади. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси келгуси ҳафтада бошланиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Испания ҳукумати ижтимоий тармоқлар раҳбарларининг ноқонуний ёки нафрат уйғотувчи контентни ўчира олмагани учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи янги қонунларни қабул қилади.
«Биз алгоритмик манипуляциялар ва ноқонуний контент тарқатилишини янги жиноий ҳуқуқбузарликка айлантирамиз. Нафрат тарқатишнинг ўз баҳоси бўлиши керак», — деди у.
Санчес, шунингдек, Испания трансчегаравий тартибга солишни мувофиқлаштириш ва унга риоя этилишини таъминлаш учун Европанинг яна бешта давлати — «рақамли технологияларга тайёр бўлганлар коалицияси»га қўшилганини айтди. Санчес гап қайси давлатлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади, бироқ коалиция яқин кунларда учрашув ўтказишини қайд этди.
Миллиардер, X ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск Санчеснинг баёнотига муносабат билдириб, уни «тиран» ва «Испания халқининг хоини» деб атади. «Санчес — ҳақиқий фашист тоталитарист», — деб ёзди кейинроқ Маск X’да.
- Австралия дунёда биринчи бўлиб 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тўлиқ тақиқлаган мамлакат бўлди. TikTok, YouTube, Facebook, Instagram ва бошқа йирик платформалар 2025 йил декабрь ойида кучга кирган ушбу тақиққа дуч келди.
- Ҳозирда Буюк Британия ҳам шунга ўхшаш чораларни кўриб чиқмоқда, Франция ва Дания эса 15 ёшгача бўлган шахслар учун ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлаш ниятида. Франция президенти Эммануэль Макрон январь ойида тақиқ сентябрдаги янги ўқув йили бошланишидан олдин кучга кириши учун қонун қабул қилиш жараёнини тезлаштирмоқчи эканини айтган.
