Арнасой аэропорти БАА билан ҳамкорликда 11 млн доллар инвестиция ҳисобига кенгайтирилади. Бу президентнинг 30 январдаги «2026−2027 йилларда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида [ПҚ-35-сон] кўзда тутилган.
Ҳужжатда хизматлар ва туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, хусусан, Арнасой, Бахмал, Зафаробод, Фориш ва Шароф Рашидов туманларида 5 та йирик туризм комплекслари ҳамда туризмга ихтисослашган 25 та маҳаллада туризм хизматлари ва объектларини қуриш режалаштирилмоқда.
Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш бўйича буюртмачилик вазифасини бажариш учун Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузурида «Жиззах вилоятида туризм лойиҳалари ва инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти» давлат муассасаси ташкил этилади.
Жиззах вилоятининг туризмга ихтисослашган туманларида электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкаларини сотишдан тушган маблағлар 2027 йил 31 декабрга қадар (сотиш билан боғлиқ харажатлар чегирилган ҳолда) туризм мажмуаларини инфратузилма билан таъминлаш ва департамент фаолиятини молиялаштириш учун йўналтирилади.
Буюртмачилик ва бошқа вазифаларни бажаришда, жумладан, лойиҳалар, мастер режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, лойиҳа (техник) топшириқларини ишлаб чиқиш, лойиҳа ҳужжатларини қабул қилиш ва техник назоратни амалга ошириш юзасидан компания ва консультантлар жалб этилади.
Бундан ташқари, 2026−2027 йилларда Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан 11 миллион доллар миқдоридаги инвестиция ҳисобига Арнасой аэропортини кенгайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, вилоят ҳудудидан ўтган 158 км узунликдаги халқаро ҳамда 1,4 минг км узунликдаги давлат аҳамиятидаги йўллар бўйида 1000 та савдо, логистика ва бошқа кичик хизмат кўрсатиш объектлари қурилади. Шаҳар ва туман марказларида биттадан истироҳат боғлари ҳамда 100 та маҳаллага хизмат кўрсатувчи гавжум кўчалар ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу қарорга мувофиқ, Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани ўртасидаги 40 гектар майдонда Янги Жиззах шаҳри қурилади. Лойиҳа доирасида 50 та кўп қаватли уй, маъмурий марказ ва ижтимоий соҳа объектлари қурилади. Инфратузилма ва ягона жамоат транспорти яратилади. Бош режа учун 40 млрд сўм ажратилади.
Сентябрда Арнасой туманида қурилиши давом этаётган аэропорт синов тариқасида биринчи самолётни қабул қилган эди. Uzbekistan Airways’нинг LET-410 ҳаво кемаси орқали унинг техник имкониятлари синовдан ўтказилди.
2 декабрь куни Жиззахдаги сессияда Шавкат Мирзиёев Арнасой аэропортида катта самолётларни ҳам қабул қилиш имконини яратиш зарурлигини қайд этган эди.