Ўзбекистонда 4 февраль куни аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи бошланди. Ушбу босқичда рўйхатга олувчилар — маҳалла вакиллари хонадонма-хонадон юриб, маълумотларни планшет қурилмалари орқали электрон тизимга киритадилар.
Рўйхатга олувчиларнинг ҳаракатлари GPS орқали кузатиб борилади. Агар маълумотлар хато ёки камчиликлар билан киритилса, ёхуд регистратор белгиланган қоидаларга амал қилмасдан, хонадонга бормасдан саволномани тўлдирса, бундай маълумотлар тизим томонидан қабул қилинмайди ва регистратор планшетига автоматик огоҳлантириш юборилади.
«Агар хонадонингизга келган регистраторни танимасангиз ёки унга нисбатан шубҳа туғилса, ундан хизмат бейджикини кўрсатишни талаб қилинг. Бейджикдаги QR код орқали регистратор ҳақидаги маълумотларни текширишингиз мумкин — ушбу маълумотлар ягона базага киритилган. Шунингдек, 1851 қисқа рақами орқали фаолият юритаётган колл-марказга қўнғироқ қилиб, регистратор ҳақида қўшимча маълумот олиш имконияти мавжуд», — дейилади Статистика қўмитаси хабарида.
Қўмита қайд этишича, айрим ҳолатларда биринчи босқичда онлайн рўйхатдан ўтиб, сертификат олган фуқаролар хонадонига ҳам регистраторлар ташриф буюриши мумкин. Бу, одатда, онлайн саволномада маълумотлар хатолик ёки камчиликлар билан киритилгани билан боғлиқ бўлади.
Халқаро ташкилотлар тавсияларига мувофиқ, асосий рўйхатга олиш тадбиридан сўнг маълумотларнинг аниқлиги ва сифатини баҳолаш мақсадида қайта текширув ўтказилади. Бунда тасодифий танлаб олинган хонадонларга мутахассислар қайта ташриф буюрадилар. «Қайта текширувлар, одатда, жами рўйхатдан ўтганларнинг 10−15 фоизини қамраб олади ва бу халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган тажриба ҳисобланади», — дейилади қўмита хабарида.
Тайёргарлик ишлари доирасида 2025 йил декабрь ойида республика бўйича 7,6 миллиондан ортиқ турар жой объектларининг GPS-координаталари аниқлаштирилган. Миллий статистика қўмитаси ушбу локация маълумотлари орқали рўйхатга олиш жараёнларини реал вақт режимида кузатиб, рўйхатга олувчиларнинг аниқ манзилда иш олиб бораётганини текширади ҳамда маълумотларнинг сифатини назорат қилади.
Иккинчи босқич 28 февралгача (шу куни ҳам) давом этади.
