• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Молиявий хизматлар кўрсатишда монополия тарафдори эмасмиз» — Марказий банк раиси


Ўзбекистон Марказий банки молиявий хизматлар соҳасида монополия тарафдори эмас. Бу ҳақда 28 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида МБ раиси Тимур Ишметов маълум қилди.

Президент қарори билан 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилди. Унга кўра, эндиликда тўлов ташкилотларининг рақамли платформалари орқали тадбиркорлик мақомини рўйхатдан ўтказиш, ҳисобрақам очиш, электрон ва нақд тўловларни қабул қилиш, ҳисоботларни шакллантириш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш мумкин. Йиллик айланмаси 1 млрд сўмдан кам бўлган ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоизгача пасайтирилди.

Журналистлардан бири чакана савдода ЯТТлар фаолияти учун талаб сифатида киритилган махсус QR кодни фақат битта илова (Paynet`нинг Xolis иловаси) орқали расмийлаштириш мумкинлигини таъкидлади. «Бу янги монополия пайдо бўлганини англатади. Марказий банк бу борада қандай изоҳ бера олади?» дея савол билан юзланди у.

Регулятор раҳбари саволга жавобан шундай деди: «Биз молиявий хизматлар кўрсатишда монополия тарафдори эмасмиз. Айтиб ўтганимдек, финтех стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича бизга юклатилган янги вазифа финтех стартапларни кўпайтириш, улар кўрсатаётган хизматлар турини оширишни ҳам назарда тутади. Бундай хизматларни кўрсатувчи стартаплар сонини, албатта, ошириш тарафдоримиз».

Марказий банк раҳбарининг таъкидлашича, ҳукумат хизматни битта ёки чекланган миқдордаги компаниялар кўрсатиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилмаган.

«Тўлов ташкилотлари ўз инфратузилмасидан келиб чиқиб, бундай хизматларни амалга ошириши мумкин. Биз ўз томонимиздан бундай хизматларни кўрсатишда ёрдам беришга тайёрмиз», — деди у.

Xolis атрофидаги вазият

Электрон тўловларни қабул қилиш учун махсус QR коднинг мавжудлиги чакана савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун махсус ҳуқуқий режимнинг асосий талабларидан биридир.

Меъёрий ҳужжатларда «рақамли платформалар» ҳақида сўз юритилганига қарамай, ҳозирча бундай QR кодни фақат Xolis иловаси ярата олади, бу эса Paynet`ни ушбу соҳанинг ягона операторига айлантиради.

Қарорга мувофиқ, махсус ҳуқуқий режим IT парк резидентлари ҳисобланган тўлов ташкилотларига (Payme, Click, Alif, Uzum ва бошқалар) нисбатан қўлланмайди. Бу талабга фақат Paynet жавоб беради.

ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар электрон ҳамёнда тўпланган айланмадан 1 фоизли солиқ (илгари 4 фоиз эди) тўлашга мажбур. Xolis ҳамёнидан маблағларни Uzcard ёки Humo карталарига ўтказиш учун 0,9 фоиз комиссия олинади. Айнан шу йиғим энг кўп муҳокама қилинган масалалардан бирига айланди: унинг келиб чиқиши, иқтисодий асослари ва миқдори расман тушунтирилмаган, ҳуқуқий режимда муқобил тўлов операторлари ҳам йўқ.

Тадбиркорларнинг норозилигига давлатнинг маъмурий ресурсларини қўллаш, хусусан, солиқ идоралари ходимлари томонидан Xolis`да рўйхатдан ўтишга мажбурлаш сабаб бўлди. Навоий вилоятидаги ҳоким ёрдамчиларидан бирининг Gazeta`га маълум қилишича, уларга Xolis`да камида 20 та рўйхатдан ўтишни таъминлаш вазифаси қўйилган, акс ҳолда, ҳайфсан, мукофотдан маҳрум қилиш ёки ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинган.

Paynet`нинг позицияси

Xolis кичик бизнесни бошлаш ва юритиш учун ягона рақамли «тайёр» платформа сифатида тақдим этилади. Рўйхатдан ўтиш, тўловларни қабул қилиш, фискаллаштириш, солиқ ҳисоби ва ҳисоботлар битта иловада жамланган.

Давлат хизматлари марказлари ва банкларга ташриф буюриш ўрнига, тадбиркор Face ID орқали масофадан туриб идентификациядан ўтиши ҳамда рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома, электрон ҳамён ва тўловларни қабул қилиш учун QR кодни олиши мумкин. Бунинг учун ЭРИ (электрон рақамли имзо), ёзма аризалар ва жисмоний иштирок талаб этилмайди.

Барча тушумлар электрон ҳамёнга кирувчи транзакция (тўловлар) сифатида комиссиясиз қабул қилинади, маблағлар дарҳол кирим қилинади ва 1 фоизли айланма солиғи автоматик тарзда ушлаб қолинади.

Xolis жисмоний назорат-касса аппаратининг ўрнини ҳам босади. Иловада барча кирувчи транзакциялар бўйича фискал чекларни автоматик равишда шакллантирувчи бепул виртуал касса мавжуд. Қўшимча равишда, пластик карталардан NFC орқали тўловларни қабул қилиш имконияти ҳам кўзда тутилган.

Paynet бош директорининг биринчи ўринбосари Музаффар Камилов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида ижтимоий тармоқлардаги салбий муносабатлар тўлқини юзасидан фикр билдирди. У буни 1 январдан кучга кирган бир нечта ўзгаришларнинг бир вақтга тўғри келиши ҳамда янги ечимларнинг ишга туширилиши атрофидаги ахборот муҳити билан изоҳлади.

«Мутлақо параллель равишда нима содир бўлди — МБ QR онлайн ҳақида эълон қилди. Энди Марказий банкнинг кўрсатмасига кўра, 1 апрель ва 1 июлдан бошлаб барча „QR кодлар“ бекор қилинади ва барча иловалар томонидан ўқиладиган ягона QR онлайн тизими жорий этилади. Бу ўз-ўзидан амалга оширилаётган ислоҳот. У эса Xolis`га интеграция қилинган, шунинг учун [муҳокамада бу икки масала] чалкаштириб юбориляпти», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, йил бошидан буён ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхати ҳам янгиланган. Хусусан, илгари ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларининг бир қисми (масалан, репетиторлик) энди бошқа солиқ солиш режимига (ЯТТ) тушади.

Музаффар Камилов қатъий белгиланган солиқдан айланмадан олинадиган солиққа ўтиш қўшимча қийинчилик туғдирганини таъкидлади. Илгари якка ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар қатъий белгиланган суммани тўлаган ва, айниқса, ўзини ўзи банд қилганлар солиқ ҳисоботларини топширмаган.

Топ-менежернинг сўзларига кўра, бу ўзгаришларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида содир бўлгани сабабли тадбиркорларда «бир лаҳзада ҳаммаси барбод бўлди» деган ҳиссиёт пайдо бўлган, Xolis эса бу жараёнларнинг «олд сафида» қолиб кетган.

У, шунингдек, рақобатчилар томонидан ахборот ҳужумлари қўшимча омил бўлганини таъкидлади.

«Биз номаълум ўйинчилар томонидан қандайдир ахборот тарқатилганини сездик. Айнан рақобатчилардан. Бу табиий ҳолдир. PR урушлар, PR ҳужумлар — одатий ҳол. Бу ҳамма жойда содир бўлади. Яъни [президент қароридан] айрим бандларни танлаб олиб, уларни бўрттириб кўрсатиш ҳам [муҳокамаларга] туртки бўлган», — деди компания раҳбари биринчи ўринбосари.

Камилов платформага нисбатан танқидлар ва тадбиркорларнинг хавотирларига изоҳ берар экан, тўловларни қабул қилишдаги қоидабузарликлар учун жарималар янгилик эмаслигини, маблағларни ўтказишда 1 фоиз ушлаб қолиш эса қўшимча комиссия эмас, балки солиқ эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, жарималар тўғрисидаги қоидалар илгари ҳам амал қилган ва назорат-касса аппаратига нисбатан қўлланган. QR код касса аппаратига тенглаштирилгандан сўнг худди шу қоидалар QR коддан фойдаланмайдиган ёки бошқаларнинг QR кодидан фойдаланадиган сотувчиларга ҳам автоматик равишда татбиқ этила бошланган.

Шу билан бирга, Камилов жойларда Солиқ қўмитаси талабларини бажаришда солиқ органлари томонидан ҳаддан ошишлар бўлиши мумкинлигини тан олди. Унинг айтишича, идора аллақачон тадбиркорлар бундай ҳолатлар ҳақида хабар бериши кераклигини тушунтирган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *