• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ўзбекнефтгаз» истиқболли конларда сейсмик қидирув ишларига Хитой компанияларини жалб қилади


«Ўзбекнефтгаз» Хитойнинг қатор компаниялари билан истиқболли конларда сейсмик тадқиқотлар ўтказиш, қудуқларни бурғилаш, паст дебитли қудуқлар самарадорлигини ошириш ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Компания маълумотига кўра, бошқарув раиси Абдуғани Сангинов Пекин шаҳрида геофизика ва сейсмик қидирув соҳасида фаолият юритувчи BGP компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказган. Унда Ўзбекистонда кенг кўламли сейсмик тадқиқотларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг якуний шартлари, жумладан, битимнинг тижорат параметрлари муҳокама қилинган.

Томонлар жорий йилда тадқиқотларни икки босқичда ўтказишга келишган: аввал Муборак минтақасида 3000 кв км, кейин Устюрт минтақасида 1300 кв км майдонда сейсмик ишлар олиб борилади.

Yuhang компанияси билан музокаралар. Фото: «Ўзбекнефтгаз»

Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» делегацияси Хитойнинг Yuhang компанияси ва Хитой нефть университети профессорлари билан ишламай турган қудуқларни қайта фаоллаштириш ҳамда паст дебитли қудуқлардан самарали фойдаланишга қаратилган технологияларни муҳокама қилди. Музокараларда сув ва углеводородларни ажратиш технологиялари, уларни жорий этиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилган.

Бошқарув раиси Yuhang томонидан таклиф этилган ечимларнинг техник ва иқтисодий параметрлари бўйича батафсил тақдимот зарурлигини қайд этган. Томонлар соҳада замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик имкониятларини қўшимча ўрганишга келишиб олган.

Абдуғани Сангинов ва Дай Хоулян. Фото: «Ўзбекнефтгаз» Абдуғани Сангинов ва Дай Хоулян. Фото: «Ўзбекнефтгаз»

Хизмат сафари доирасида делегация CNPC корпорацияси директорлар кенгаши раиси Дай Хоулян билан ҳам учрашув ўтказди. Унда нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва узоқ муддатли келишувларга эришиш масалалари муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, жорий йилда камида 6,5 минг кв км майдонда 3D сейсмик тадқиқотлар ўтказиш ва турли чуқурликдаги қудуқларни бурғилаш режалаштирилмоқда. Бундай кўламдаги ишлар илк бор бир вақтнинг ўзида бир нечта янги блокларда комплекс тарзда амалга оширилиши қайд этилган.

Учрашувда CNPC гуруҳига кирувчи компаниялар билан йирик шартномалар имзолаш, бурғилаш қурилмалари ва бутловчи қисмлар, долоталар ва қувурлар харид қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилган. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича Kunlun Digital Technology, чуқур бурғилаш ва сейсмик қидирув йўналишларида эса Xibu, BGP ва CNLC компаниялари билан ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинган.

Компания маълумотига кўра, эришилган келишувлар нефть-газ соҳасидаги қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ва Ўзбекистон-Хитой стратегик шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 12 январь куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти фаолиятининг келгусидаги вазифалари ва режалари юзасидан тақдимот билан танишган эди. Тақдимотда энергетик хавфсизликни таъминлаш, газ қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш ва геология-қидирув ишларини жадаллаштириш бўйича қатор аниқ топшириқлар берилган.

Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Ўрол Саъдуллаев маълум қилишича, «Ўзбекнефтгаз»га 2026 йилдан бошлаб геология-қидирув ишларини амалга ошириш учун камида 30 та истиқболли майдон берилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *