Ўзбекистонда гаровга қўйилган мулкни ноқонуний тасарруф этганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилш режалаштирилмоқда. Ушбу нормани ўз ичига олган қонун лойиҳаси 3 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳужжат билан гаровга қўйилган мулкка оз миқдорда ёки кўп бўлмаган миқдорда зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Шу мақсадда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги 61−3-модда билан тўлдириш кўзда тутилган.
Гаровга қўйилган мулкни ноқонуний тасарруф этиш деганда уни ўзлаштириш, растрата қилиш, яшириш, йўқ қилиш ёки шикастлаш тушунилади.
ЎзЛиДеп партияси депутати Хушвақт Ҳайитовнинг таъкидлашича, ҳозирда Жиноят кодексининг 233-моддаси бўйича жавобгарлик фақат кўп миқдорда зарар етказилганда ҳолларда БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача (41,2 млн сўмдан 123,6 млн сўмгача) қўлланади.
Қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда, зарар миқдори оз ёки кўп бўлмаган миқдорда — БҲМнинг 30 бараваридан 100 бараваригача (12,36 млн сўмдан 41,2 млн сўмгача) бўлганида маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланади.
Депутатнинг сўзларига кўра, тижорат банклари кредитлари бўйича гаровда бўлган транспорт воситаларига ундирув қаратишда юзага келаётган муаммолар ушбу ташаббусни ишлаб чиқишга асос бўлган.
«Гаровга қўювчининг ихтиёрида қолдирилган транспорт воситаси бошқа шахсларга ижарага, текин фойдаланишга ёки бошқача тарзда бериб юборилган, шундан сўнг Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетилган ёки қидирувдан яширилган ҳолатлар қайд этилган», — деди депутат.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июль ойида Божхона қўмитаси Тожикистонда 60 га яқин автомобилни ташиш ва ноқонуний сотишда гумон қилинган саккиз кишидан иборат гуруҳни фош этган эди. Улар машиналарни 100−200 доллар миқдоридаги пул эвазига чегарадан ўтказиб беришган.