2025 йил давомида Ўзбекистонда 59 нафар судья лавозимидан озод этилди, улардан 3 нафари коррупцион ҳолатлар сабабли жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда 4 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усманов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«Суд қарорини чиқаришда адолатни бузганлиги учун эмас, балки пора олганлиги ва бошқа коррупцион ҳолатлар бўйича уч нафар судьямиз суд ҳукмига кўра жиноий жавобгарликка тортилди. Улар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва ҳозирда тайинланган жазоларни ўтаб келмоқда», — дейди Алишер Усманов.

алишер усманов, олий суд, судья

Алишер Усманов / Фото: Олий суд

«Қолган 56 нафар судья эса одоб-ахлоқ кодекси қоидалари ва одил судларни амалга ошириш вақтида қонунчиликни бузгани, судьянинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи хатти-ҳаракат содир қилгани учун вазифасидан озод этилди. Бу суд тизимида ҳам масъулиятсиз судьяларга нисбатан қаттиқ кураш олиб борилаётганини англатади», — дея қўшимча қилди Олий суд расмийси.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг ёзида Жиноят ишлари бўйича Янгиариқ тумани суди тергов судьяси танишлари орқали фуқарога оқлов ҳукми чиқартириб бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилгани аниқланиб, ваъдасини бажаролмай, олган пулларини қайтараётганда қўлга олинганди.

Шунингдек, Хонобод шаҳри суди раиси фирибгарлик ва пора беришда иштирок этишда айбланиб, 10 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган. У 2025 йил май ойида 30 минг доллар пора билан қўлга тушгани айтилганди.