Ўзбекистонда 2025 йилда судлар томонидан 4 миллиондан ортиқ, Олий судда эса 4766 та иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда 4 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий суд раисининг биринчи ўринбосари — Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Алишер Усманов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Таҳлилларга кўра, ўтган йилнинг январь-декабрь ойларида 4 миллиондан ортиқ, хусусан:
-
2 миллиондан зиёд — фуқаролик ишлари;
-
63 мингта — жиноят иши;
-
91,8 мингта — жиноят ишидан келиб чиққан материал;
-
691 мингта — маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар;
-
357 мингдан ортиқ — ҳуқуқбузарлик ишидан келиб чиққан материал;
-
51,2 мингта — санкция ва мажбурлов чоралари;
-
690 мингдан ортиқ — иқтисодий ишлар;
-
18,4 мингта — маъмурий органларнинг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ низолар кўриб чиқилган.
«Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти ошиб боргани сари судларга мурожаатлар кўпайиб, судьяларнинг ўртача иш ҳажми ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Жумладан, 2025 йилда судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳажми фуқаролик ишлари бўйича 556 та, иқтисодий ишлар бўйича 388 та, тергов судьялари бўйича 380 тани ташкил этган», — дейди Алишер Усманов.
Алишер Усманов / Фото: Олий суд
Унинг сўзларига кўра, жами кўрилган 4 миллиондан ортиқ ишнинг атиги 3,3 фоизи устидан юқори инстанция судларига шикоят ёки протест берилган. Қолган 96,7 фоиз ишлар бўйича томонлар суд қарорлари билан келишган.
«Бизнинг қонунчиликда ишни кўриш муддати бир ва икки ой этиб белгиланган. Судьяларимиз ишни шу муддатда кўриб чиқиши учун нореал даражада ишлайди. Ўтган йили Жаҳон банкидан экспертлар келиб, базамиз билан танишгач, „4 миллионта ишни қандай кўряпсизлар?“ деб сўради. Халқаро стандарт бўйича бир ойда кўриш мумкин бўлган иш 16 та, бизда эса бу 532 тани ташкил этади. Америка, Ҳиндистон каби давлатларда судга мурожаат қилсангиз, ишингизни кўриб чиқиш учун навбатга ёзиб қўйишади. Бизда эса қонунлар қатъий, иш судга келиб тушганидан кейин бир ёки икки ой муддатда кўриб чиқиш керак», — дейди Олий суд раисининг ўринбосари — Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Полванов.

Шуҳрат Полванов / Фото: Олий суд
Унинг таъкидлашича, 2025 йилда 2024 йилга нисбатан умумий кўрилган ишлар сони 37 фоизга, фуқаролик судларидаги ишлар эса 50 фоизга ошган.
«Бунга таъсир қилувчи омиллар кўп ва бу ҳар доим Олий суд томонидан таҳлил қилиб борилади. Тўрт йилдан буён ҳар йили 100 тадан судьялик штати бериляпти. Жорий йилда 100 та штатнинг 60 таси фуқаролик судларига бирктирилди», — дейди у.
Полвановнинг айтишича, халқаро стандартларга кўра, 100 минг аҳолига битта судьянинг тўғри келиши нормал ҳисобланади.
«Аммо биз бу борада анча паст ўриндамиз. Бугунги кунда 1700 дан ортиқ судьямиз фаолият юритади. Уларнинг иш юкламаси ва ҳажмини камайтириш мақсадида лойиҳа тайёрлаяпмиз. Унга кўра, низосиз бўлган ишларни судлар юкламасидан олиб, нотариус ва бошқаларга топшириш режалаштирилмоқда», — дейди Олий суд расмийси.
